Андижонда

ШИРМОН БУЛОҚЛИК «ФАРМОНБИБИ»


26.02.2022   634

Қишлоқ одамлари ажойиб: кимнинг нима муаммоси бўлса, дарров барча бирдек ечим қидиришга тушади. Дилбархон ҳожи ая ҳам шу элнинг куюнчак, халқига жонини фидо этгувчи, забардаст аёллардан бири.

Эрта тонгдақидириб борсангиз, хонадонидан тополмайсиз. Чунки бу тиниб-тинчимас аёл ҳеч уйда ўтирмайди. Ҳали маҳаллага газ олиб келаман деб югурган, ҳали йўл бўйидаги симёғочларнинг куйган чироқларини алмаштиргани фаоллар билан кетган. Ҳеч бўлмаса урушганни яраштириб, аразлаганни уйига олиб бориб, маҳалласи тинчлигини таъминлаб ўтиради. Бир гаплашсангиз, на сиёсат қолади, на жамият. Барча соҳаларда бирдек фаол.

80 баҳорни ортда қолдираётган бўлса-да, ўн саккиз ёшлиларни шиддат-шижоати мужассам. Ҳамиша тўйнинг тўрида, элнинг ардоғида.

Андижон воқеаларида кенжа ўғли Ҳалимжон Жалолов юрт тинчлиги йўлида жонини фидо қилди. Аммо у букилмади, қаҳрамон фарзанди ортидан ҳамиша фахрланди. Сўнгра умр йўлдошини йўқотди. Шунда ҳам бу дунёнинг синовларига йиқилмади. Мардонаворлик билан барчасига сабр қилди. Кичкина жуссасида фарзанд соғинчи, энг яқини - турмуш ўртоғи хотираси билан белни маҳкам боғлаб, қишлоқдошлари оғирини енгил қилиш, дардларига, муаммоларига ечим топиш билан машғул бўлди.

Ҳар йили ўзимга бир режа қўйиб оламан, дейди юзларидан нур ёғилиб турган Дилбархон буви. - Икки-уч йил олдин Ҳажга деб йиғилган пулга маҳалла симёғочларини бир бошдан таъмирлатиб,ҳар бирига катта-катта чироқлар ўрнаттирдик. Мактаб ўқувчилари қиш кунларида қоронғу кўчаларда фалокатга учрамай, соғ-омон уйларига борсин деб, вилоят электрчилари ёрдамида Оқсув маҳалласини чароғон қилдик. Билсангиз, Ширмонбулоқнинг тепароғидаги қишлоқда нефть конлари топиляпти. Олдимиздан газ оқиб турсаю нега энди ҳамюртларимиз уйда ўтин-кўмир ёқиши керак, деб қишлоққа газ келтириш ҳаракатига тушдим. Аллақачон газдан умидини узган аҳолини бунга ишонтириш қийин бўлди. Қора совуқларда ўзим ишчи ёллаб, газ қувурларини ташиттирдим. Қишлоқ аҳли ҳам беминнат моддий ёрдамини аямади. Ўзлари хоҳлаб, биргаликда ишлагани чиққан паҳлавон йигитларга ҳам раҳмат. Аммо коронавирус деган дард чиқиб, уйда бир йил ўтириб қолдим. Фарзандларим мени эҳтиётлашиб, одамлар орасида юрмай туринг деб ишларимни тўхтатиб қўйишди. Лекин мана, яна осойишта кунларга келдик. Яна янги режаларим бисёр. Турмуш ўртоғим хотирасига бағишлаб қишлоқ марказига стоматология маскани очиш ниятидаман. Ҳозирда ер масаласида ҳоким буваларимизга илтимоснома киритишҳаракатидаман.

Дилбархон Жалоловамустақиллигимизнинг 30 йиллигига маҳаллада фаоллиги, беминнат меҳнатлари учун кўкрак нишони билан тақдирланди.Ширмонбулоқнинг тиниб-тинчимас "Фармонбиби" си ҳар қанча таърифга лойиқ. Ёзганларимиз бу борада бир шингили, холос.

Моҳигул СИДДИҚОВА.