Шоир таваллуди олдидан: НЕЧУН ҚУЛЛУҚ ҚИЛМАЙ АНДИЖОНГА МЕН
21.04.2025 1001
- Сиз Муҳаммад Юсуфнинг синглисимисиз?
Асли Муҳаммад Юсуф ижодига қизиқишим шу саволдан бошлаган десам нотўғри эмас. Савол берувчилар эса аллақачон шоирнинг ижодига мухлис бўлиб улгурган шеърият шинавандалари экан.
-Йўқ, –дедим.
-Матлуба Юсупова экансизку?
-Ҳаа..
Кейинроқ билсам, Муҳаммад аканинг фамилияси Юсупов, синглиси Матлуба экан.
Ва яна кейинроқ опа билан Марҳаматда, Қовунчи қишлоғидаги хонадонлари кўришдик. Ҳатто кулишдик. Чунки бир хил исми шарифлик одамлар эканмизда.
***
Бу шоир ҳақида, ижодию фаолияти, ҳаётию одат-феъллари ҳақида кўп айтилди, ёзилди, ҳамон шундай... Аммо ҳар айтилишнинг ўз оҳанги ва оҳори бор. Чунки у ҳақда ҳамма билиб-билиб айтишни истайди. Чунки унинг шеърлари ҳамманинг кўнглига тўлиб-тўлиб бўлган...
Мен шахсан Муҳаммад Юсуфни кўрмаганман. Суҳбатини олмаганман, гарчи ижод йўлларида бир даврда у бошида - мен охирида юриб кетаётган бўлсак-да.Кейинроқ эса, унинг энг яқинлари- турмуш ўртоғи Назира опа, қизлари Нозима, Мадина билан суҳбатлашиш, хонадонларида меҳмон бўлиш насиб этди. Ҳамон Назира опа билан қадрдонмиз. Опанинг кўнгил сирларига оз бўлса-да гувоҳман. “Тошкентга келсангиз, албатта, кўришайлик”, дейдилар ҳар гал. Бир сафар эсашундай Дархонда боғларнинг ичкарисига кириб, рўбарў ўтириб узоқ-узоқ суҳбатлашганимиз ҳам бор гап. Бари Муҳаммад Юсуф ҳақида,бари уларнинг севгилари ҳақида...
Майлида, кимгадир ёқса,ёқмаса,
Уларга қўшилиб йиғлашармидик?
Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса учрашармидик...
****
Кейинроқ бошланди шоир ижодига чин мухлислигим...
Тележурналист сифатида эса кўп маротаба хонадонига бордим, шоир юрган кўчаларни кездим, мактабида устозлари билан суҳбатлашдим, қабристонга бориб, мангу маконини зиёратлар қилдик...
Ва ҳар йили апрель ойида ҳеч қандай ташкилий ишларсиз, тарғиботларсиз, мамлакатнинг ҳар турли ҳудудларидан юзлаб, минглаб мухлисларнинг Қовунчи қишлоғига оқиб-оқиб келишига гувоҳ бўлдим...
Нечалаб инсонларнинг шоир ҳақидагисуҳбатларини видеотасмаларга муҳрладим, ошиқиб, бор маҳоратимни ишга солиб кўрсатувлар, лавҳалар, роликлар тайёрладим, радиоэшиттиришларни эфирга узатдим. Ва ҳар сафар СЎЗнинг қудратини оддийлик, самимиийлик, соддалик билан шеърларига сингдира олганига гувоҳ бўлавердим. Янаки, одамлар қалбидаги айта олгани, янаки, айта олиш орқали Ватанни севишга даъват қила олганига гувоҳ бўлавердим...
Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен
– Шу юртда туғилдим, шу юртда ўсдим.
Агар дўстим бўлса битта у дўстим –
Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен!..
Ёдимга ўт тушсин, этмасам ёдлар –
Дукчи эшонлари қилгай фарѐдлар.
Уни тавоф этган Машрабдек зотлар,
Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен.
Мана шу шеърини яхши кўраман. Ҳар гал севимли маконимиз, жаннатмонанд Андижон ҳақида ёзсам, ўйласам дарров ёдимга келади. Шоир топиб айтган... Минглаб, миллионлар инсонларга Ватанни беминнат, борича яхши кўришни ўргатган ватаншуносМуҳаммад Юсуф!
Теракларни ҳар кун кўрамиз, ариқ бўйидаойда бўлсада ўтирамиз, лолақизғалдоқлар очилишига кўп бора гувоҳ бўламиз. Аммо улардаги сеҳрни, улардаги тирикликни ҳамиша ҳам сезмаймиз. Муҳаммад Юсуф сезишни, севишни, уларнинг ҳар бирида Ватаннинг рангги борлигини кўришни ўргатди шеърларида. Катта шаҳар, қишлоқларни яхши кўришни кичик гиёҳлардан, райҳону ялпизлардан бошланиши кўрсатди Муҳаммад Юсуф...
***
Биз уни шоир деймиз, аммо у кичик қатраларга катта маъноларни жойлай олган адиб ҳамдир:
“ -Офтоб қаерга ботади? - дейман бобомдан
-Осмоннинг охирига, –дейди у
Офтоб осмоннинг охирига бориб ботмайди, балки йиғлайди”.
***
Балки шоир ҳақида катта гап айта олмагандирман. Аммо чин кўнгилдан, шахсинию ижодини ҳурмат қилганим ҳолда, унингдек ёза оладиганлар ўша машҳур ибора айтилганидек“100 йилда” бир марта Қирон юлдузи тўғри келганида туғилишига ишонганим ҳолда ёздим. Ва унинг ҳаққига дуолар қилдимки, ўзи шошилган мангу маконда ҳам Ҳақнинг эркатойи бўлсин.
Матлуба ЮСУПОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассиси.
