Андижонда

ШУҲРАТ АБДУРАҲМОНОВ АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ЛАВОЗИМИГА ТАСДИҚЛАНДИ


07.11.2024   760

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда вилоят Ҳудудий сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Расуловнинг жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Сессияда ишида 35-Манак округидан сайланган депутат Ахунов Ўктам Набиевич халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши раиси этиб сайланди.

Сессияда халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, вилоят Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Шунингдек, сессияда вилоят ҳокимини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қонунчиликка кўра, вилоят ҳокими лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилади ҳамда ушбу номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказилади.

Шу муносабат билан вилоят ҳокими лавозимига номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси сессия ишида иштирок этди. Маслаҳатлашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Андижон вилояти ҳокими лавозимига Ш.Абдураҳмонов номзоди кўрсатилганлиги билдирилди.

Номзод депутатларга ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболига мўлжалланган ўз дастурини тақдим этди.

Номзод бўйича партиялар гуруҳлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддаси ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси қарори билан Абдураҳмонов Шуҳрат Қўшақбоевич номзоди Андижон вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.