Шукроналик ва меҳр-оқибат айёми
17.03.2026 76
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Юртимизда ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Қуръони карим китоби нозил бўлган ой - моҳи Рамазони шариф ойи якунига етмоқда. Барчамиз ушбу муборак кунларга соғ-саломат етиб келиб, оиламиз даврасида омонликда ўтказаётганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримизни йўллаб қоламиз.
Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шунинг учун бутун дунё мусулмонлари бу муборак ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилигини топиш йўлидаги ибодатлар қилиб, хайру саховатлар ойига айлантиришади.
Жаннатмакон юримизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойини хуш кайфиятда, кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини эса рўзадор ҳолда юртимизга файзу-барокат сўраш ила ўтказмоқдалар.
Ушбу ой барча юртдошларимиз томонидан яҳши амаллар ила Аллоҳ таолога тоат ва ибодатлар қилиб, ибодатлар ойига айлантирдилар. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан бу ойни меҳр-мурувват, ҳайру-саховатга айлантирдилар. Жумладан, ушбу хайрли ишларга давлат раҳбари томонидан 1 триллион 50 миллиард сўм миқдорда моддий ёрдам алоҳида ажратилган бўлиб, ушбу хайрия ишлари давомида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор ҳамюртларимиз ҳолларидан хабар олиниб, уларнинг оилаларига ифторлик дастурхонлари ёзилди. Уларнинг ҳурсандчиликда муҳтарам Президентимиз, юртимиз, ҳалқимиз ҳақига дуолари олинди. Бу хайрли амал эса, динимиз кўрсатмалари ва халқимиз анъаналаридан десак, асло муболаға бўлмайди.
Рамазони шарифнинг яна бир ўзига хос хусусиятларидан бири, бу ойда берилажак ажру савоблар бошқа ойларга нисбатан бир неча баробар бўлганлиги учун мўмин-мусулмонлар ўзлари топиб турган молларидан закот ибодатини ҳам адо этишларидир. Зеро, закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амал ҳисобланади.
«Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади. Бундан ташқари, фитр садақаси бўлган яна бир ибодат борки, ушбу садақа тури билан рўзадор одам рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билмай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амалларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр тўлаш жорий қилинган вожиб амалдир. Фитр садақаси мискинларга берилади, улар уни таом қилиб ейдилар, хурсанд бўладилар. Рамазон ҳайити кунлари қувончларига қувонч қўшилади. Шунинг учун ҳам ҳар ўлкада ўша ернинг энг кенг тарқалган таомидан садақаи фитр берилсин, дейилган. Шунда энг кўп одам манфаат олган бўлади.
Шу ўринда закот миқдори айтиб ўтсак. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2026 йилги закот нисоби 100 миллион сўм этиб белгиланиб, ушбу миқдордан бир қисмини закот ҳисобида берилиши ҳамда фитр ва фидя миқдори энг ками икки килограм буғдой, яъни 10 минг сўм этиб белгиланганди. Ҳар ким ўзининг ҳолатига қараб, арпа, майиз, хурмодан ҳам фитр ва фидя садақаларини бериши мумкин.
Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсинки, Ўзи ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни “Ийдул-Фитр”, яъни Рамазон ҳайити юртимизга кириб келмоқда.
Рамазон ҳайити дунёдаги барча мусулмон ҳалқлари қатори жаннатмакон юртимизнинг аҳолиси ҳам хурсандчилик, ҳуш кайфият билан ўтказадиган муборак айёмдир. Ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб вақтдир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларида юксак одоб-ахлоқимизни, хурсандчилигимизни ва саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Ҳайит кунлари мусулмонларнинг азиз байрами бўлганлиги учун, шоду-хуррамлик, хурсандчилик қилинадиган, кексалар, ота-она, қариндошлар зиёрат этиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган ҳамда хайр эҳсонлар қилинадиган кундир.
Бундан кўзланган асосий мақсад жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади. Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳар йили ҳайит байрамини юртимизда нишонлаш тўғрисида муҳтарам Президентимиз томонидан алоҳида қарорлар қабул қилиниб, Рамазон ҳайити байрамини юртдошларимиз тинчлик ва хотиржамликда, шукроналик, дуои-хайрлар ила ўтказиб, халқимиз орасида ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва эзгу фазилатларга тўла амаллар ила нишонлайдилар, деган умиддамиз иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло барчаларимизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин!.
Бу кунни ҳар бирларимизга савобли амалларни кўплаб қилишни, юртимиздаги кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган юртдошларимиз ҳолларидан хабар олиб, шу билан хонадонларимиз хайр-баракага тўлишини Яратгандан сўраб қоламиз.
Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин.
Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!
Мирзамақсуд домла Алимов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби
