Андижонда

“СИЗНИ ТАНИЙДИГАН” ЁРИТКИЧЛАР


01.11.2022   257

Иқтисодиёт тармоқлари ривожланиб, турмуш даражаси яхшилангани сари энергияга талаб ҳам ошиб боради. Бунинг исботини сўнгги беш йилда юртимизда электр энергияси истеъмоли 20 фоизга, жумладан, аҳоли томонидан сарфланиши 31 фоизга ошганлиги мисолида ҳам кщриш мумкин. Бу кўрсаткич йилига 6 фоиздан ўсиб бормоқда. Шу боис энергия ишлаб чиқариш изчил ривожлантирилмоқда, бунга қўшимча сув, қуёш, шамол энергетикаси станциялари барпо этилмоқда.

Шунингдек, саноат корхоналарида иш жараёнини оптималлаштириш, энергия ишлаб чиқариш технологиясини модернизация қилиш, қозонхоналарни янгилаш ва таъмирлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига табиий газ ва электр энергиясини 10 фоизгача қисқартириш мумкин.

Жорий йилнинг 24 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида ўтказилган куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида республикамизда барқарор электр энергия етказиб бериш бўйича бир қатор топшириқлар берилган эди.

Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Андижон вилоятида ҳам тизимли чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, вилоят ҳокими Ш.Абдурахмонов раҳбарлигида ўтказилган ҳокимлик соатида вилоятдаги барча корхона, ташкилот, муассасалар, ишлаб чиқариш корхоналарига берилган ҳаракат сенсорли датчиклар ўрнатиш орқали электр энергияси истеъмолини қисқартириш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар асосида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу сенсорли датчиклар орқали амалдаги электр энергияси истеъмолини 15%га қисқартиришга эришиш мумкин. Яъни, улар доимий ёритмайди, аксинча муассаса ёки ташкилотда, ҳовли ёки кўчада сизни “”ҳис қилиши” билан ёнади. Йўлингизни ёритади. Бу эса электр сарфини камайтиради.

Ижтимоий соҳа обектлари ички ва ташқи йўлакларига 15 тадан харакат датчиги ускунаси ўрнатиш натижасида 1 кунда ўртача 5 соат электр энергия 40 ваттли чироқлар ўрнатилганда электр энергия тежаш ҳисобига 90 кВт электр энергияси тежаб қолинади.

Масалан, биргина Андижон тумани ҳокимлиги биносининг ички ва ташқи йўлакларига энг кам сарфли қуввати 18W бўлган энергия тежовчи сенсорли датчиклар ўрнатилди. Бундай тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар, туманларида тезкорлик билан олиб борилмоқда.

Зилола РАҲМОНОВА.