Атрофга назар

Скрининг текшируви муҳимми?


16.09.2025   14

Мамлакатимизда сўнгги йилларда оналар ва болалар саломатлигини асраш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соғлом авлод туғилиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган замонавий перинатал марказлар ҳамда скрининг хизматлари такомиллаштирилди.

Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни оммавий текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш орқали ҳомилада туғма ва ирсий касалликларнинг олди олинмоқда.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасаси вилоят филиалининг скрининг бўлимида бир кунда ўртача 150 нафар бўлажак оналар 4 та пренатолог шифокорларимиз томонидан текширувдан ўтказилмокда.

Хўш, бугунги кунда текширувларимизда қайси касалликлар кўпроқ учраяпти? Қайд этиш керак, кейинги йилларда скрининг текширув оркали аниқланаётган МНС касалликлари (гидроцефалия, анэнцефалия), туғма юрак нуксонлари, суяк системаси хасталиклари (хондродисплазия) сезиларли равишда ортган. Буларга асосий сабаб сифатида қариндошлар ўртасидаги никоҳ, турли вирусли инфекциялар, ёши катталар орасидаги ҳомиладорлик омилларини кўрсата оламиз.

Айни муаммонинг олдини олиш ва аниқланадиган касалликларга қарши курашиш мақсадида мутахассисларимиз билан бирга жойларда ва ҳудудларда пренатал скрининг кўриклар ўтказиб бормоқдамиз. Натижаси бўйича марказий ва оилавий поликлиникалар масъуллари билан ҳамкорликда соғломлаштириш ишларини йўлга қўйяпмиз.

Саломатлик ҳамиша долзарб, айниқса, келажак авлодни дунёга келтирувчи қизларимизнинг соғлигига турмушга чиқишидан олдин эътибор қаратиш жуда муҳим. Шу боис ҳам ҳудудларда қизлар ва фертил ёшдаги аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва шу билан бирга аёллар ўртасида репродуктив саломатликни асраш мақсадида “Соғлом аёл”, “Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш”, “Соғлом овқатланиш”, “Соғлом турмуш тарзи” каби мавзуларда семинарлар ташкил этяпмиз. Ўзим Ўзбекистон Либерал демократик партияси фаоли бўлганим боис, ҳар бир тадбирни “Аёллар қаноти” билан биргаликда амалга оширяпмиз. “Аёллар қаноти”нинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қизлар ва фертил ёшдаги аёлларга маслаҳат ва тавсиялар бериб бориляпти. Бу эса репродуктив соғлиқ билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишда ўз самарасини берибгина қолмай, оила дея аталмиш бахт қўрғони пойдеворининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Раънохон САТТАРОВА,

филиал директорининг скрининг

масалалари бўйича ўринбосари, партия фаоли