Етти иқлим

СОБИҚ ПРЕЗИДЕНТЛАР ДУБАЙДА УЧРАШИШДИ


21.02.2023   151

Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров бетараф мамлакатда республиканинг собиқ президентлари билан учрашди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Қирғизистон матбуоти хабарига кўра, олти президентнинг учрашуви БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган.

Садир Жапаровга кўра, собиқ давлат раҳбарлари ؘ– Асқар Акаев (1991–2005), Қурманбек Бакиев (2005–2010), Роза Отунбаева (2010–2011), Алмазбек Атамбаев (2011–2017) ва Сооронбай Жээнбеков (2017–2020) мамлакат равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга розилик берган.

«Албатта, собиқ президентлар бирин-кетин норози бўлган жиҳатларини баён қилди, хафагарчилигини тўкиб солди. Аммо айни чоқда улар ўз хатоларини тан олди. Энг асосийси – улар бир-бирини афв этди! Мақсад-муддаом ҳам шу эди. Мен турли вилоятлар аҳолиси, собиқ президентларнинг тарафдорлари сиёсат билан машғул бўлишни бас қилиб, келажак йўлида иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшишларини орзу қиламан», – деб ёзди С.Жапаров.

Амалдаги президент собиқ ҳамкасблари хунрезликларга олиб келган хатоларга йўл қўйганини қайд этар экан, Қирғизистон халқини барча гина-кудуратларни унутиб, мамлакат равнақи йўлида бирлашишга даъват қилган.