Соғлом ҳаёт сари биргаликда
24.11.2025 188
Вилоятимизда Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан “Соғлом ҳаёт сари биргаликда” шиори остида тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Аҳолининг ОИВ/ОИТС ҳақида хабардорлигини ошириш, касалликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни тарғиб қилиш мақсадидаги бу тадбирлар кенг жамоатчиликнинг диққат марказида бўляпди.
ОИВ инфекцияси ҳозирги куннинг глобал муаммоларидан бири саналади. “АСР ВАБОСИ” номини олган ушбу иммун, яъни касалликларга қаршилик етишмаслиги хасталигини олдини олиш, даволаш, тарқалишига йўл қўймаслик нафақат тиббиёт ходимлари, балки барча-барчамизнинг муҳим ишимиз бўлиб қолмоқда. Бунинг учун аҳолига, хусусан, ёшларга ОИТС ҳақида илмий асосланган, мукаммал тушунчаларни етказишнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмасида кенг қамровли маърифий тадбир ташкил этилди. Унда соғлиқни сақлаш бошқармаси, ОИВ профилактикаси маркази вакиллари, маҳалла фаоллари, ўқувчилар ва ёшлар иштирок этдилар.
Мазкур тадбир аҳоли ва тиббиёт ходимлари ўртасида ОИТС (ОИВ инфекцияси)нинг олдини олиш, касалликнинг тарқалиш омиллари, профилактика чораларини чуқурроқ англатиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилди. Вилоят ОИТСга карши кураш маркази мутахассислари Камолиддин Маматов ва Ферузахон Шакирова ва бошқа сўзга чиққан шифокорлар ОИВ инфекцияси ҳақида янгиланган илмий маълумотлар, касалликнинг юқиш йўллари ва олдини олиш чоралари, замонавий диагностика ва даволаш усуллари, хавф гуруҳидаги шахслар билан ишлаш тартиби, ОИТСга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати мазмун-моҳиятини кенг ёритиб бердилар.
Шунингдек, тиббиёт ходимлари томонидан видеороликлар, маърифий чиқишлар ва интерактив суҳбатлар орқали мавзунинг долзарблигини яна бир бор эслатиб ўтилди.
Қодиржон МАМАДАЛИЕВ,
Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси бош врачи ўринбосари.
Зулфия СОБИРОВА,
туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси.
