Атрофга назар

Солиқ имтиёзлари кимларга берилади?


25.11.2024   348

Вилоятимизда ногиронлиги бўлган шахслар учун 4 миллиард сўмдан ортиқ солиқ имтиёзлари қўлланилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беради.

Бугунги кунда бюджет ташкилотлари ва хусусий корхоналарда ишлаб келаётган 4 минг 907 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ушбу имтиёздан фойдаланиб келмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида мазкур фуқароларга жами 4 миллиард сўмдан ортиқ солиқ имтиёзлари қўлланилди.

Мамлакатимизда ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қуватлаш, уларга қўшимча имкониятлар яратишга доим кун тартибидаги масала сифатида қараб келинган.

Шу жумладан солиқ қонунчилигида ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун бир қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялари назарда тутилган. Бу ҳақда бизга вилоят солиқ бошқармаси бош инспектори Ҳусниддин Хожакбаров маълумот берди:

  • Якка тартибдаги тадбиркор – солиқ тўловчи I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланганида фаолият туридан ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, ойига қатъий белгиланган миқдордаги солиқнинг 50 фоизини, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлайди;
  • Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар мулкида бўлган мол-мулк солиқ солишдан озод этилади;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар мулкида бўлган мол-мулки 60 квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.
  • Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ер солиғидан озод этилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Бундан ташқари, иш берувчиларни ва ногиронлиги бўлган шахслар шахслар меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам бир қатор солиқ имтиёзлари назарда тутилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг:

337-моддасига мувофиқ, ўзида ишловчиларнинг умумий ўртача йиллик сонининг 3 фоизидан кўпроғи ногиронлиги бўлган шахсларни ташкил этадиган юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси ушбу моддада белгиланган нормадан ортиқча ишга жойлаштирилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар бир фоизига солиқ ставкасининг бир фоизи ҳисобидан камайтирилади;

243-моддасига мувофиқ, протез-ортопедия буюмларини, ногиронлиги бўлган шахслар учун инвентарларни реализация қилиш (шу жумладан ушбу буюмлар ва инвентарни ишлаб чиқарувчилар томонидан реализация қилиниши ҳам), шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларга ортопедик протезлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган протез-ортопедия буюмларини ва инвентарни таъмирлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар қиймати қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади;

378-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчилари (агентлари) томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қийматини ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан ушбу иш берувчида ишламайдиган ногиронлиги бўлган шахсларга тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари (бундан туристик йўлланмалар мустасно) солиққа тортилмайди.

Г. ЖАББОРОВА тайёрлади.