Атрофга назар

СУБСИДИЯ: БАЛЛАР НИМА УЧУН КЕРАК?


31.07.2023   117

Ёки “балл” тушунчаси ўзи нима?

Аввало, субсидия ўзи нима деган саволга жавоб берайлик.

Субсидиялар — даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағлардир.

Субсидия — бу бўйича ариза топширган ҳар бир талабгорга пул маблағи берилади, дегани эмас. Бунинг учун бир қатор талаб ва ҳолатларга жавоб бериш лозим. Шунингдек, мазкур маблағларга эга бўлишда мурожаатчининг айрим “балл”арга эга бўлиши субсидияни қўлга киритишида муҳим аҳамият касб этади.

Хўш, баллар нима ва улар тўпланадими?

Субсидия берилиши учун авваламбор масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради.

Масъул органлар — ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари ҳисобланади. Буларнинг барчаси ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳаққоний эканлигини текшириш учун керак.

Ижтимоий мезонлар уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни аниқлашга хизмат қилади.

Балл тўплаш учун мезонларга талабгор ва (ёки) унинг оиласининг даромади (шаҳар ва қишлоқ жойлари учун алоҳида кўрсаткичлар белгиланган), турар жой мақоми (ижара ёки шахсий мулк), ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар (меҳнат мигрантлари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз аёллар ва ҳоказо), шунингдек, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар инобатга олинган.

Субсидия берилишида тартиб бўйича айни балларни тўплаганларнинг имконияти кенгроқдир.