Суд қонунчилиги мустаҳкамланмоқда

03.03.2025 507
Ўзбекистон Республикаси олий судининг 2024 йил 16-декабрда қабул қилинган қатор қарорлари суд тизимини янада такомиллаштиришга ва ўзгаришларни амалиётга татбиқ этишга қаратилган. Шунингдек, уларда ер тўғрисидаги қонунчилик, фуқаролик ишлари, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш давомида юзага келаётган муаммоларни бартараф қилишга заминдир.
Жумладан, “Ер тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисидаги” қарор билан ер қонунчилигини бузганлик учун жавобгар шахсларни аниқлашда аниқ ва қатъий мезонлар белгилаш имконияти яратилса, “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги қарор фуқаролик ишларида суд харажатларини ундириш тартибини аниқ белгилаб беради.
“Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги меъёрий ҳужжатда иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини тўлашда кўпроқ юридик шахсларнинг ҳуқуқий мажбуриятлари белгиланган.
“Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор Олий суднинг амалдаги қарорларига ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Олий Хўжалик судининг 2017 йилда тугатилганидан сўнг, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича қарорлар фақат Олий суд томонидан кўриб чиқилмоқда. Шу боис, ушбу қарорда Олий суднинг иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд амалиётини такомиллаштириш белгиланган.
Шу ўринда яна бир жиҳат муҳим аҳамиятга эга. Суд харажатлари суд тизими учун муҳим омил бўлиб, бу ҳар бир суд ишининг натижасини белгилашда муҳим рол ўйнайди. Суд харажатларининг ундирилиши фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ва давлатнинг манфаатларига таъсир қилади. Шунингдек, суд харажатларини ундириш амалиёти, суд тизимининг адолатлилигини, шаффофлигини ва самарадорлигини таъминлашга ёрдам беради.
Яҳёхон МАҲМУДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Пахтаобод тумани суди судьяси