Суд тиббий экспертиза: МУАММОЛИ ВАЗИЯТЛАРГА ЕЧИМ ТОПИШ МАСЪУЛИЯТ ТАЛАБ ЭТАДИ
17.05.2025 717
Ўзбекистон Республикасида суд тиббий экспертизаси шонли тарихга эга бўлган йўналишлардан бири ҳисобланади. Профессор З.Ғиёсов Ўзбекистонда суд тиббиёти ва суд тиббиёти экспертизаларини 4 даврга бўлиб кўрсатади:
1-давр: Х1Х аср 2-ярмидан ХХ аср 20-йилларигача бўлган айрим ҳолларда ўтказилган суд тиббий экспертизалари;
2-давр: ХХ асрнинг 50-йилларигача бўлган-суд тиббий кафедрасини ташкил топиши ва суд тиббий тадқиқотларини ўтказилиши;
3-давр: 1991 йилгача бўлган суд тиббиёт хизматларини шаклланиши ва МДҲ мамлакатларида махсус муассасаларининг ташкил топиши;
4-давр: 1991 йилдан кейинги Ўзбекистон Республикасида суд тиббиёти ва суд тиббиёт хизматларининг ривожланиши.
Турли тадқиқот ишларида, тарихий манбаларда ҳар бир ривожланиш даври хусусида кўплаб маълумотлар келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришиш арафасида ва унинг дастлабки йилларида мамлакатда жиноятчилик, рэкет, товламачилик, одам ўғирлаш, автомашина олиб қочиш, қотиллик, босқинчилик, ўғирлик кундан-кунга ўсиб ҳуқуқ тартибот идоралари билан бир қаторда суд тиббий экспертиза бюролари экспертлари олдига ҳам бир қатор мураккаб вазифалар қўйилди.
Ўша даврда суд тиббий экспертиза бюро лабораторияларида фойдаланилаётган техник воситалар маънавий эскирган, марказдан туриб бошқариш ва таъминот тўхтаган оғир шароитларда фаолият кўрсатишга тўғри келган.
Бу соҳага қизиқишим талабалик давримдан бошланган. Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаб, 1982-1985 йиллар давомида АДТИ нинг суд-тиббиёти кафедраси ассистенти сифатида фаолият кўрсатдим. 1993 йилдан Андижон вилояти суд-тиббий экспертиза бюросига бошлиқ этиб тайинландим. Бу даврда Республикамиз эндигина мустақилликка эришган, суд тиббий мутахассислари етишмовчилиги ва моддий таъминот борасидаги узилишлар анчагина сезиларди. Устига-устак, ҳудудда ўсиб келаётган жиноятчилик, айниқса, жиноятларнинг оғир турларининг кескин ортиши бюро фаолиятида замон талабларига мос равишда иш ташкил этишни вазифа қилиб қўйди.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 декабрдаги қарорига асосан 2019 йил январ ойидан бюрога Республика суд тиббий илмий амалий Маркази Андижон филиали мақоми берилди.
Ҳукуматимиз томонидан суд тиббий экспертиза соҳасига қўшимча штат бирликлари ажратила бошланди, уларни жой-жойига қўйиш, малака ва иш кўникмаларини ошириш, компьютерҳамда бошқа моддий таъминотни йўлга қўйиш, миллий тилдаги хизмат адабиётларини чоп этиш филиал фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди.
Ўзингизга маълум, тинчлик даврида ҳам халқнинг фаровонлигига, осуда ҳаётига раҳна солувчи бузғунчилар топилади. Улар минг уринмасин тинчликсевар халқимизнинг аҳил-иноқлигига, шукроналик туйғуларига путур етказолмайди. Бундай қабиҳ ҳаракатларга ҳукумат бошчилигида ҳуқуқ-тартибот органлари қисқа фурсатларда чек қўяди. Ана шундай фавқулодда вазиятларсуд тиббий экспертларининг масъулиятини,тезкорлигини юз чандон оширишини фаолиятимиз давомида астойдил намоён этганмиз.
Бу жиҳатлар 2006 йилда Республика суд тиббий экспертиза илмий амалий Маркази томонидан“Фавқулодда ҳолатларда суд тиббий экспертларининг вазифалари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик” мавзусида ташкил этилган илмий анжуманда кўп бор эътироф этилди. Андижонда ўтказилганушбу нуфузли тадбирда Республика суд тиббий экспертиза илмий амалий Маркази ҳамда ҳамкорликда фаолият олиб борган ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарияти томонидан Андижон суд тиббий экспертиза филиали ходимлари фаолиятига юксак баҳо берилди.
Филиалимиз ходимлари Республикамиз мустақилликка эришган дастлабки йилларидан бошлаб Хукуматимиз томонидан олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажариб келмоқда. Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг тажрибали мутахассислариуслубий-амалий ёрдамлар, маҳорат дарслари ўтиш орқали андижонлик ҳамкасбларининг малака оширишларида кўмак бермоқдалар. Эксперт мутахассисларимизнинг маҳаллаларда аҳоли билан соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик, зарарли иллатларга қарши курашиш, марказ томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари хусусидаги суҳбатлари самарали ўтмоқда.
Вилоят филиали 3 миллиондан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Филиал таркибида ташкилий услубий, тезкор экспертлик бўлимлари, бахтсиз ҳодисаларни хабарлаш хизмати, суд-тиббий амбулатория, суд-гистологик лабораторияси билан морфологик бўлим, суд-биологик, суд-кимё, тиббий криминалистика, қайта ва комиссион экспертизалар бўлимлари, Асака, Шаҳрихон, Қўрғонтепа ва Избоскан туманлараро суд тиббий экспертиза бўлинмаларимавжуд.
Суд тиббий экспертларидан 10 нафари олий, 4 нафари биринчи, 6 нафари иккинчи, ўрта тиббий ходимлардан 10 нафари олий, 3 нафари биринчи, 6 нафари иккинчи малака тоифасига эга.
Морфология ва тирик шахслар бўлими 1970 йилда ташкил топган.БўлимниБаҳодиржон Эшонқулов 2023 йилданбуён бошқариб келяпти. Бўлимда олий малака тоифасига эга бўлган суд тиббий экспертлар: Мухторжон Мўйдинов,Машрабжон Деҳқонов, Шавкатбек Аҳмедов, Муффазал Аҳмедова, Ҳасанбой Холмирзаев, Шуҳратбек Комилов фаолият кўрсатадилар. Бўлимдаги 14 нафар ўрта тиббиёт ходими-лаборантлардан кўпчилиги олий тоифа малакасига эга.
2024 йил давомида 791 мурдалар экспертизаси ўтказилган. Йил давомида 491 маротаба филиал суд тиббий экспертлари тергов-тезкор гуруҳ таркибида ҳодиса содир бўлган жойларни кўздан кечиришда мутахассис сифатида иштирок этганлар, 20 маротаба клиник-патологоанатомик конференциялар ўтказилган.
Суд тиббий амбулатория бўлимида 2024 йил давомида 14 минг 308 нафар шахс экпертиза ва текширувлардан ўтказилган. Бунинг учун прокуратура, ички ишлар бўлимлари, ҳарбий прокуратура ва ҳарбий қисмларнинг тегишли қарорлари асос бўлган.
Филиалимизнинг қайта, комиссиявий ва комплекс экспертизалар бўлимида ҳам тажрибали суд тиббий экспертлар фаолият олиб боради. Жумладан, биринчи малака тоифали врач Салтанатхон Зуҳритдинова 30 йилдан, олий тоифали врачТўлқинбой Шерматов 20 йилдан ортиқ иш стажига эга.
Олий малака тоифали врач Соҳибахон Маҳкамова бошчилигидагиБиология бўлими, биринчи малака тоифали врач Азаматжон Ҳусанов раҳбарлигидаги Суд кимё бўлими, олий малака тоифали врач Сардорбек Қосимов бошқараётган Суд тиббий криминалистика бўлимлари жамоаларининг ўз йўналишларидаги фидойиликларини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Чунки илмий-амалий янгиликларидан хабардор бўлмаган, касбига қизиқмаган, тинимсиз ўқиб-изланмаган, мантиқий хулосалар кўникмасига эга бўлмаган ходим бу тизимда ишлай олмайди. Бизнинг жамоамиз эса устоз-шогирд анъаналарига мос равишда доимо бирдамликда аҳил ҳаракат қилишади. Бажараётган ишимизда ҳисобдорлик, масъулият кучли.
Президентимизнинг 2018 йил 4 декабдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий хизмати фаолиятини янада такомиллатириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, кейинги йилларда хизмат фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш,суд-тиббий муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, суд-тиббий экспертизалар ўтказиш сифати ҳамда ишончлилигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Шу билан бирга, жойлардаги ҳақиқий аҳвол ўрганилиб, Республикамизнинг 6 та вилоятида, шу жумладан, Илмий-амалий марказнинг Андижон филиали янги биносини қуриб битказиш ва жиҳозлаш каби долзарб вазифалар кўзда тутилган.
Президент қарорига асосан Андижон вилояти ҳокими томонидан суд тиббий экспертиза филиалининг янги биноси қурилиши учун, Андижон шаҳри ва Бобур шаҳрини бирлаштирувчи Камолот кўчасидан 1,2 га. ер майдони ажратилган. Тасдиқланган намунавий лойиҳага кўра, 4000 м.кв. юзага эга бўлган 3 та бино, 5 та секцион зал, ҳар бир бўлим ходимлари фаолияти ва дам олиши учун хизмат ва қўшимча хоналар, кутиш заллари, она ва бола хоналари, тиббий пункт, тиббиёт институти суд-тиббиёт кафедраси учун хоналар, биёкимё текшируви учун вирусология ҳамда гистологик текширув лабораториялари,замонавий, давлат стандартларига мос тиббий асбоб-анжомлар билан таъминлаш белгиланган. Шунингдек, ген молекуляр (одам-ДНК) тадқиқотлари ўтказиш учун жиҳозлар етказиб бериш режалаштирилган.
Ўйлаймизки, филиал фаолиятига ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётган экан, жамоамизнинг ҳар бир аъзоси бу эътибор олдида масъулият ва шарафни ҳамиша ҳис қилади. Ва бирдамликда зиммамиздаги вазифаларни астойдил бажарамиз. Зеро, суд тиббий экспертиза муаммоли вазиятларга ечим топишда катта масъулият талаб этади.
Аҳмадилло ЮЛДАШЕВ,
Республика суд-тиббий экспертиза илмий амалий Маркази Андижонвилояти филиали бошлиғи,
тиббиёт фанлари номзоди.
