Судлар интерактив хизматлари коррупция хавфини камайтиришга хизмат қилади
21.07.2026 20
Интерактив хизмат — бу фойдаланувчива хизмат кўрсатувчиўртасида икки томонлама ўзаро алоқа мавжуд бўлган хизмат тури. Унда судга мурожаат қилувчи фақат кузатувчи эмас, балки жараённинг фаол иштирокчиси бўлади. Асосийси, реал вақт режимида тезкор жавоб олиш имконияти бор, тизим судга мурожаат қилган шахс учун хизмат қилади.
Бугунги кунда бу тартиб-таомил судга мурожаат қилувчиларга қулайликлар яратиш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг судга бўлган ишончини оширишга хизмат қилмоқда.
Бу мавзуда илмий мақолалар, расмий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, амалга ошириладиган ишлар ҳам кўп. Суд тизимини рақамлаштириш ва суд тизимида интерактив хизматларни жорий этиш коррупция хавфини камайтиришдаги муҳим восита ҳисобланади.
Судларда интерактив хизматларни қўллаш учун “Рақамли суд” концепцияси доирасида суд йиғимларини онлайн тўлаш, ишларни электрон шаклда юритиш каби чоралар коррупция хавфини камайтириши бор гап. Интерактив хизматлар орқали судга суд иши юзасидан мурожаат қилувчилардан ташқари суд ходимлари билан ишлашда - vacancy.sud.uz портали ва “SudHR” электрон платформаси орқали ишга қабул қилиш жараёнининг шаффофлиги таъминланади.
Судларда суд ишларини автомат тақсимлаш инсон омилини камайтириш ва коррупцияга оид таъсирларни бартараф этишга хизмат қилади.
“Рақамли суд” концепцияси 2025-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, суд жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, AI ва виртуал ёрдамчиларни жорий этишни ўз ичига олади.
Тадқиқот ва расмий ҳужжатлар шуни кўрсатадики, судлар интерактив хизматлари ва рақамли технологиялар коррупция хавфини камайтиришда қуйидаги жиҳатларда муҳим роль ўйнайди. Яъни шаффофликни ошириш ва инсон омили таъсирини камайтириш; суд жараёнларида электрон тизимлар (онлайн тўлов, ишларни автомат таксимлаш) орқали коррупциявий ҳаракатлар учун имкониятни чеклаш.
Шу билан бирга, тизимли рақамлаштириш – бу фақат алоҳида хизмат эмас, балки коррупцияга қарши курашнинг умумий стратегик йўналишидир.
Хизматлар онлайн тарзда кўрсатилганда, инсон омилининг камайиши, жараёнлар ошкора таъминланиши, бюрократиянинг қисқариши, қоғозбозлик, ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш ва идорама-идора юришларнинг камайиши, кайси хизматлар электронлашгани, улардан қанча фуқаро фойдалангани ва вақт тежамкорлиги статистикасининг инфографикада кўрсатилиши каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади.
Насибулло Қамбаров,
Андижон вилояти маъмурий суди судьяси
