Атрофга назар

СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ


17.05.2022   624

Бу кун кўзларингда ажиб ҳаяжон,

Бир олам орзулар дилингга туташ.

Шижоат ғалаён қилган қалбингнинг

Бир четида қувонч, бир четида ғаш...

Оқ йўл тилаганча қадрдон маскан,

Келажаги оппоқ йўлга кузатар.

Устозларинг бир-бир бағрига босиб,

Самимий тилагин сенга бахш этар.

Шодликдан хапқириб масъум юрагинг

Нидо берар: “Мустақил ҳаёт кутмоқда!”

Сўнгги қўнғироқнинг жарангги бир-ла,

Умрингнинг бебаҳо даври ўтмоқда.

Осонмас севимли мактабдан кетмоқ,

Бунда ўтган ахир ширин онларинг.

Қалдирғочдай тизилиб парталар аро

“Алифбе” ҳижжалаб отган тонгларинг...

Унутмоқ қийиндир бу лаҳзаларни,

Ҳар бири умрингнинг зинапояси.

Дунёни англадинг коинот қадар,

Дилингга пайваста давр ғояси.

Қўнғироқ чалинар садо бергандек –

Олис йўлга чиққан карвон мисоли.

Йиллар ўтиб, бўй чўзади албат,

Устозларинг эккан илм ниҳоли.

Бу кундан бошланар умидли кунлар,

Сени Ватан кутар - иқболи порлоқ.

Эзгу орзуларинг тутгандай қўлга

Жаранглар, жаранглар, Сўнгги қўнғироқ!..

Ҳалимжон ТОҲИРОВ.