Атрофга назар

Сунъий интеллект технологиялари одил судловга эришиш даражасини оширишда муҳим аҳамиятга эга


17.07.2026   14

Бугунги шиддатли даврда кишилар ўзи қизиққан бирор масала юзасидан имкон қадар тезкор маълумот олишни хоҳлашади.Бу эса ҳар бир соҳа вакиллари ўз хизмат кўрсатувчиларига муайян маълумотни етказиш ва ундан фойдаланиш сифатини ошириш борасида жиддий изланишлари зарурлигини тақозо этади. Зотан, маълумот ишлаб чиқарувчиларни замонавий технологиялардан фойдаланишга, қулайликларни яратиш учун тинимсиз ишлашга ҳаётнинг ўзи мажбур қилмоқда. Йўқса, бошқа маълумот тарқатувчилар ўртасидаги рақобат ва нотўғри маълумот тарқатувчининг маълумотини инкор этиш зарурати ортиб бориши ҳеч гап эмас.

Суд тизимида ҳам судга мурожаат қилувчиларга қулайликлар яратиш, хизмат сифатини ошириш, замон талабларидан ортда қолмаслик муҳим ўрин тутади. Малакали кадрларни тайёрлаш, уларнинг кўникмаларини ошириб боришнинг ўзи замонавий суд тизимини яратиш учун етарли эмаслигини ҳамма тушуниши лозим. Чунки шахсларнинг ахборотни олишга бўлган эҳтиёжи ортиши, ахборот алмашинувидаги тизим эскириб бориши, соҳадаги муҳим янгиликларни етказишда эски тартиб самарадорлиги пастлаганлиги соҳага интерактив хизматларни жорий этиш заруратини туғдирди.

Келгусидаги амалга ошириладиган ишлар эса интерактив хизматлар кўламини кенгайтириш, судга мурожаат қилувчиларга қўшимча қулайликларни яратишнинг замонавий усулларидан фойдаланиш шароитини яратиб беришдир. «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси ана шу жиҳатлари билан катта аҳамиятга эга.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони юқоридаги стратегияни амалга оширишнинг бир қисми ҳисобланади.

Мазкур фармонда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш назарда тутилган.

Судга мурожаат қилувчи шахсларга қулайликлар яратишда:

-судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар миқдорини шакллантириш;

-мурожаатларни судга электрон шаклда юбориш;

-ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиши;

-тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имкониятини яратиш;

-суд харажатларини электрон шаклда ҳисоблаш ва тўлаш;

-ижро варақаларини автоматик равишда ижрога юбориш;

-суд ишларини замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритиш;

-сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомаларининг реал вақт режимида матн шаклида тайёрланиши;

-суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик шакллантириш каби вазифалар белгиланган.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш учун 19 банддан иборат дастур ишлаб чиқилган бўлиб, дастурда 2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш назарда тутилган.

Насибулло Қамбаров,

Андижон вилояти маъмурий суди судьяси