Атрофга назар

Сунъий интеллект ўқувчиларнинг тафаккур доирасини жиловлаб қўймасин


16.01.2026   51

Бугун ўқувчиларнинг ахборот технологиялари, интернет тармоқларидан фойдаланишлари учун имкониятлар жуда кенг. Масалан, инглиз тилида бирор сўз ёки иборани билмай қолса, дарров телефонидан google га сўров берса, изоҳлари билан чиқиб турибди-да.

Тан олиш керак, рақамли технология, сунъий интеллект орқали таълим тизими жиддий янгиланмоқда. Бу омиллар ўқувчиларнинг билим олиш усулларини самарали қилишга хизмат қиляпти. Ақлли интеллект таълимда нафақат қўшимча восита, балки шахсийлаштирилган ўқиш ва мустақил ижодий фаолиятни қўллаб-қувватловчи муҳим манбаага айланиб улгурди.

ChatGPT, Gemini сингари нейротармоқлар ёзиш, режалаштириш, ғоялар излаш ва бошқа кўплабақл ва тафаккур ёрдамида бажариладиган масалаларда тайёр ёрдамчи. Мен 5-8-синфларга инглиз тилидан сабоқ бераман. Дарсмашғулотлари давомида, айниқса, юқори синф ўқувчилариулардан жуда кўп мақсадларда фойдаланишади. Жумладан, маъруза матнларини тайёрлаш, мураккаб мавзуларни содда тилда тушуниш, илмий ва изоҳли маълумотлар излаш, шунингдек, дастурлаш ёки математика масалаларини ечишда уларга мурожаат қилишади. Сунъий интеллектли чатботлар талабаларга изоҳ бериш, тушунмовчиликларни бартараф этиш ва мустақил ўрганишни осонлаштиришда ҳам хизмат қилмоқда.

Бу танганинг бир тарафи, яъни сунъий интеллект асосидаги чат-ботларнинг ижобий жиҳатлари. Аммо, танганинг иккинчи тарафини ҳам эсдан чиқармаслик муҳим.Телефонидаги мазкур нейротармоқлардан доим фойдаланиш имконияти мавжуд ўқувчи ўзи фикрлашга, берилган машқни изланиб босқичма-босқич ёзиш ёки бажаришга эриниб қолмайдими, деган хавотир ҳам йўқ эмас. Бу беминнат “ёрдамчилар” бора-бора ёшларнинг тафаккурини чегаралаб қўяди, фанларни ўзлаштириш даражасини пасайтиради.

Шунинг учун ақлли интеллектлардан фойдаланишда ҳам меъёрни билиш зарур. Биз ўқитувчилар ўқувчини теварак-атрофга боқиб мустақил фикрлашга, ўзи хулосалар беришга ўргатишимиз шарт. Бу ўз навбатида хотира машқлари ҳисобланади. Бола уй вазифаларини ўзи бажарса, мавзу ёдида қолади, эртасига жавоб бераётганида ҳам эркин мулоҳаза юритади.

Ўқитувчилар дарс жараёнида бу жиҳатларни болаларга тўғри тушунтириши зарур. Токи,ўқувчи сунъий интеллект ёрдамида кўчирмакаш плагиат бўлиб қолмасин. Хулоса қилиб айтганда, эртанги кун келажаги бўлган ёшлар ақлли интеллект исканжасига тушиб қолмаслиги керак.

Эъзоза ЖАББОРОВА,

Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳридаги

53-умумий ўрта таълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси.