Андижонда

Суюлтирилган газ билан таъминлашдаги рақамлаштириш - коррупция ва хўжасизликка барҳам берувчи тизим


13.09.2024   714

XXI аср — ахборот асри. Рақамлаштириш, ID-карталар жорий қилиш кўплаб соҳаларни қамраб олмоқда. Жумладан, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш тизими ҳам босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.

Ҳозирда Андижон вилоятида аҳолига етказиб берилаётган суюлтирилган газ ҳисобини тўғри юритиш учун мавжуд 630 мингдан зиёд маиший газ баллонларига штрих-кодли стикерлар ёпиштирилди. 484 мингдан ортиқ истеъмолчилар эса газ учун тўловни нақд пулларсиз, ID-карта воситасида амалга оширишмоқда.

Тан олиш керак, яқин-яқингача газ баллонларини етказиб бериш билан боғлиқ эътирозлар аҳоли томонидан тез-тез билдириб турилар эди. Эътирозлар асосан газ учун белгиланган тўловдан ортиқча ҳақ олинаётгани, газ баллонларига белгиланганидан камроқ газ қуйиб берилаётгани, газ таъминоти ўз вақтида амалга оширилмаётгани, маҳаллада 4–5 доналаб газ баллони бўлган оилалар уларни бирваракайига алмаштириб, бошқаларга газ етмай қолаётгани хусусида бўлар эди.

Энди соҳани модернизация қилиш натижасида газ баллонларини аҳолига етказиб бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди.Тизимдаги энг катта янгилик — истеъмолчилар фақат ID-карта воситасида тўловни амалга ошириш имкони яратилгани бўлди. Газ учун аввалгидек нақд пулда тўлов қилиш мумкин эмас. Инспекторлар томонидан фуқаролардан нақд пул олинган тақдирда ҳам уни банкка кирим қилиб бўлмайди. Чунки жараён тўлиқ автоматлаштирилган.

ID-карта тизимини жорий этишдан кўзланган бош мақсад — соҳада коррупциявий омилларга барҳам бериш, аҳолини суюлтирилган газ билан адолатли тарзда, тенг ва ўз вақтида таъминлаш.

Маҳаллаларга газ етказилишидан маҳаллий телеграм каналлар орқали маҳалла фуқаролар йиғини раиси 1 кун олдин огоҳлантирилади. Фуқаролар шу куни ID-картаси ҳисоб рақамига пул қўйишади. Эртаси куни 20 кг газ учун 32 минг сўм ечиб олинади. Етказилган газ баллонидаги штрих-код сканер қилинади.

Хонадонга қачон қайси газ баллони етказилгани, неча сўм ечиб олингани қайд этилади ва бу маълумотларнинг барчаси шаффоф. Фуқаро махсус иловадаги шахсий кабинетида тўловлар ва бошқа маълумотларни кузатиб бориши мумкин. Энг асосийси — бир ID-картадан 1 ой давомида битта тўловни амалга ошириш мумкин. Масалан, ID-карта ҳисоб рақамига кўпроқ пул тушириб олиб, ўнлаб газ баллони учун тўлов қиламан деганлар адашади.

Айни пайтда фуқароларнинг хонадонларига уйма-уй юриб газ тарқатилмоқда. Аввалгидек, маҳаллаларда бир кишининг хонадонида газ баллонларини тўплашдек хавфли амалиётларга ҳам чек қўйилган. Газ баллонларига ёпиштирилган штрих-кодли стикерлар баллонлар айланмасини кузатиш учун қилинган.

Албатта, ID-карта орқали тўлов қилиш учун аҳоли электрон тўлов тизимларини ўзлаштириши талаб этилади. Бу борада ҳам соҳа ходимлари томонидан аҳолига тушунтириш бериб борилмоқда. Масалан, газ баллонларидаги штрих-кодли стикерларга зарар етказмаслик, ID-карталарни йўқотиб қўймаслик ҳам тушунтирилмоқда.

Фуқаролар агар исташса, газ баллони белгиланган миқдорда тўлдирилганига ишонч ҳосил қилишлари учун келтирилган газ баллонини электрон тарозида ўлчаб олишлари мумкин. Тарози маҳаллаларда газ тарқатиш билан шуғулланадиган ҳар бир автомашинада бор.

Хулоса қилиш мумкинки, маиший газ баллонларини етказиб беришда янгича автоматлаштирилган тартибга ўтилгани тизимда шаффофликни таъминлабгина қолмай, турли тамагирлик ҳолатларига чек қўяди, хизмат кўрсатиш сифатининг ошишига хизмат қилади. Бугун аҳолига етказиб берилаётган суюлтирилган газ тўла шаффо тизим орқали етказиб берилаётган экан, аҳолидан жойларда коррупцияга йўл қўймасликни, агар мана шундай ҳолатлар учраса, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

Ҳасанбой Ризаев,

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали Филиалнинг “Моддий ресурлардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши кураш сиёсатини амалга ошириш” бўлими мутахассиси