Андижонда

СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ОНЛАЙН ТИЗИМИ ИШЛАМОҚДА


25.01.2022   538

Пахтаобод туман аҳолисининг асосий қисмини суюлтирилган газ истеъмолчилари ташкил этади. Бугун Пахтаободда 34 260 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари бир маромда “зангори” ёқилғи билан таъминланмоқдалар. Ўтган 2021-йилда пахтаободликларга эса 5011.84 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган.Туманда суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн тизими ишга тушган.

“Онлайн тизим биз учун жуда қулай бўлди. Ҳамма соҳада рақамлаштириш бўлмоқда. Ушбу жараён газ тизимига етиб келганидан хурсанд бўлдик. Авваллари, нақд пул билан кўча бошида навбат турардик ёки тумангазга борардик. Ҳозир эса эшигимиз олдига олиб келяпти. Картага ўғлим ўз пластигидан пул тушириб қўяди, газчи боллар келса шундоқ ечиб олишмоқда. Ҳам вақт тежалмоқда, ҳам ўз нархида оляпмиз. Барча қўшнилари хурсанд, - дейди Пахтаобод тумани “Қорашоҳ “МФЙ “Семурғ” кўчасида истиқомат қилувчи Гавҳарой Холиқова.

Онлайн тизимнинг ишлашидан нафақат истеъмолчилар балки суюлтирилган газ етказиб берувчи чилангар ва ҳайдовчилар ҳам хурсанд. Чунки улар ҳам газни истеъмолчиларга кун ботмасдан етказиб беришмоқда. Олдинги вақтларгидай қоғозбозликдан қутилишган.

“Мутахассисларимизга биз хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаётганлигимизни, истеъмолчилар билан доимо ширинсуханлик билан мулоқотда бўлишликни қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти бўлимининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати бошлиғи Руслан Абдураҳмонов. – Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга бир маромда газ етказиб беришни ният қилганмиз. Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят бўйича 21 минг 676 тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб беришни режалаштирганмиз.”

Ҳақиқатан ҳам, бугун суюлтирилган газни онлайн тизим бўйича олаётган истеъмолчилар жуда ҳам хурсанд. Соҳадаги шаффофлик ва тезкорлик, маҳсулотни ўз белгиланган нархида олиш ҳар бир истеъмолчига хуш келмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати