Суюлтирилган газ етказиб беришдаги тизим ҳам коррупциядан холи бўлиши зарур

06.03.2025 1143
Газ тизими соҳасида онлайн режим асосида иш олиб бориш ва рақамлаштириш жараёнлари ҳам суюлтирилган газ таъминотига тадбиқ этилди. Тизимда шаффофликни таъминлаш, коррупция ва сунъий нарх оширилишини олдини олиш мақсадида аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн “E-Gaz” тизими ишга туширилди. Бу борада барча истеъмолчиларга махсус ID карталар бепул равишда тарқатилди ва барча маиший газ баллонлари махсус бар-кодли ёрлиқлар билан таъминланди. Ҳозирда Андижон вилояти бўйлаб 492 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиларига мана шу онлайн тизим асосида газ етказиб берилмоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалида шаҳар-туман бўлимларининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати бўлими муҳандислари билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Филиал директорининг суюлтирилган газ масалалари бўйича ўринбосари Шокиржон Қўзибоев ҳамда “Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш” бўлими мутахассислари йиғилганларга айнан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизими коррупциядан холи бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
“...Хулоса сифатида айтиш мумкинки, халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай қонунбузарлик содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда фуқароларимизнинг бефарқлиги, лоқайдлиги сабаб бўлмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади” – дейди “Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш” бўлими мутахассиси Турсунбой Расулов.
Давра суҳбати давомидаID карталарнинг ишлаши, назорат тарозилари ва етказиб берувчи чилангарларнинг муомала маданияти, карталардан фойдаланиш қоидалари ҳақида фикрлар алмашилди. Шунингдек, маиший газ баллондан фойдаланиш, ошхонадаги газ жиҳозлари, газ плитаси ва баллон оралиқ масофаси ҳақида ҳам тушунчалар берилди. Чилангарлар томонидан газ етказиб беришда аҳоли билан тил бириктирмаслик, умумий овқатланиш шохобчалари, ошхона ва чойхоналар маиший газ баллонларини алиштирмаслик ҳамда электрон тизимдан қатъий равишда фойдаланишлик бўйича тавсиялар берилди.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати