Сўз мулкининг султонига эҳтиром
09.02.2026 39
Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Халқаро Туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, адабиётшунос олимлар, зиёлилар ҳамда талаба-ёшлар иштирокида Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, улуғ мутафаккир хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатилди.
Юқори мартабали меҳмонлар, адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ижод аҳли ҳамда ёшлар иштирок этган тадбирда жаҳон адабиёти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг ибратли ҳаёти, фаолияти, бой ижодий мероси хусусида сўз юритилди.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Туркий Маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Бош котиби Султон Раев, Андижон давлат университети профессори Абдулҳай Собиров ўзбек тилининг асосчиси, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижодий меросининг беқиёс аҳамияти ҳақида гапирди.
Улуғ мутафаккирнинг нафақат адабиёт, балки миллий маданиятимиз, мусиқа ва санъатимиз ривожига қўшган улкан ҳиссаси, асарларида акс этган миллий қадриятлар, инсонпарварлик, ахлоқий ва тарбиявий тамойиллар, гўзал ва бетакрор ғоялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги алоҳида таъкидланди.
Ижодкорлар, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари Навоийнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқиди. Вилоят драма театри, маданият бошқармаси қошидаги мақомчилар ансамбли санъаткор ва хонандалари томонидан Навоийнинг сиймоси акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш қилинди, унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.
Ҳазрат Алишер Навоий хотирасига бағишланган бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, таълим муассасаларида бўлиб ўтди.
