СЎЗИ – ҲИКМАТ, ҲАЁТИ – ИБРАТ: АНДИЖОНДА СУД ФАХРИЙЛАРИ БЎЛАЖАК ҲУҚУҚШУНОСЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
15.08.2022 406
Андижон шаҳрида вилоят судлари ҳамда Ўзбекистон судьялари ассоциацияси филиали ҳамкорлигида соҳа фахрийларининг юридик техникумда таҳсил олаётган талабалар билан учрашуви ташкил этилди.
Қайд этилганидек, тизимда фаолият кўрсатиш учун юридик билимнинг ўзигина етарли эмас. Айниқса, судьялик мақомига етишган мутахассис адолат тамойилини ҳамиша олий мезон деб биладиган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган, мустақил фикрлайдиган, ўзи қабул қилган қарор учун жавобгарликни зиммасига оладиган шахс бўлиши зарур. Бу жиҳатлар келажагини шу соҳа билан боғлаётган ёшлар учун ғоят муҳимдир.
Мулоқотда фахрийлар Одинахон Насриддинова, Абдумалик Турғунов, Мирзадаврон Ғофуров ва бошқалар ўзларининг судьялик фаолияти билан боғлиқ ибратли мисолларни ҳикоя қилиб бердилар.
Шунингдек, вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят маъмурий суди судьяси Дилмир Халилов, Судьялар ассоциациясининг Андижон филиали раиси Адҳамжон Дадахонов ёшларни суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда одил судловни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништирди.
Айтиш жоиз, айни пайтда Андижон юридик техникумида йигит-қизлар уч йўналиш бўйича таҳсил олишяпти. Ёшлар келгусида адвокат, прокурор ёки судья бўлиб ишлашни орзу қилиб, пухта билим олишга интилмоқдалар. Шу маънода мазкур учрашув иштирокчилар учун улар интилаётган касбнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида ёрқин тасаввур берувчи жонли мулоқотга айланди.
Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Якунда ташкилотчилар томонидан юридик техникум кутубхонаси учун Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган ҳамда халқимизнинг фахрига айланган ҳуқуқшунос аёлларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Уч машҳур ўзбек аёли” китоби туҳфа қилинди.