Андижонда

ТАДБИРКОР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ


28.07.2022   345

Андижонда тадбиркор ва ишбилармонларнинг муаммолари ҳамда таклиф ва истакларини ўрганиш юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди. Вилоят суди, вилоят маъмурий суди, Савдо-саноат палатаси ҳамда Андижон шаҳри ҳокимлиги мутасаддилари иштирокидаги тадбирда тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи учрашувнинг бош мавзуси бўлди.


Мамлакат иқтисодиётининг ривожи, аҳолининг бандлигини таъминлаш, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришда тадбиркорлик фаолиятининг аҳамияти беқиёс. Шундан келиб чиқиб, бизнес эгаларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш масаласи ҳамиша кун тартибида. Жумладан, ўтган йили давлатимиз раҳбари томонидан 20 августни Тадбиркорлар куни этиб белгилашга оид қонун имзоланганлиги ҳам соҳага қаратилаётган эътиборнинг кўламидан далолат.

Учрашувда мутасаддилар тадбиркорларни қизиқтирган саволлар юзасидан атрофлича фикр билдириб, кун тартибига қўйилган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

Шунингдек, судьялар томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ суд амалиёти, хусусий мулк дахлсизлиги, янги қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда низоларни медиация йўли билан ҳал қилишнинг аҳамияти хусусида атрофлича маълумотлар берилди.