Атрофга назар

Талаба турар жой масаласида муаммога учрамайди


26.08.2026   14

Мана, янги ўқув йили бошланишига қисқа фурсат қолди. Узоқ йиллик орзуларига эришиб, талабалик бахтига сазовор бўлган ёшлар учун энг ҳаяжонли ва интиқ кутилган дамлар етиб келди. Ушбу йилги қабул мавсумида кириш балларининг юқорилиги, талабгорлар сафининг кенглиги ҳамда миллий сертификатга эга абитуриентларнинг кўплиги рақобатни ҳар қачонгидан ҳам кучайтирди. Ана шундай машаққатли тўсиқлардан ўтиб, талабалар сафига қўшилган ёшлар бугун янги босқичга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.


Ҳар йили ўқув йили аввалида кун тартибига чиқадиган муҳим бир масала бу — талаба қаерда яшайди ва қандай муҳитда билим олади? Уларнинг йил давомида аъло баҳоларга ўқишлари, ўз устида ишлашлари ва илмий изланишлари учун, энг аввало, хотиржам ва яхши шароитда яшаш жойи зарур бўлади. Бу ҳолатда энг маъқул ва ҳамёнбоп маскан — талабалар турар жойидир.

Бугунги кунда қабул кўрсаткичлари ортгани сабабли кўплаб ҳудудларда ётоқхона ўринлари етишмовчилиги ёки жойлашув билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Шунга қарамай, масалага олдиндан тизимли ёндашиб, ёшлар учун етарли шарт-шароитларни яратаётган олий таълим муассасалари ҳам талайгина. Хусусан, Андижон давлат университети тажрибасини бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Яқин йилларда университетда талабаларни ётоқхонага жойлаштириш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди. Эндиликда улар ортиқча оворагарчиликларсиз, My.Gov.Uz портали орқали онлайн ариза топшириб, шартнома асосида ўз жойларини осонгина банд қилмоқдалар. Бу тизим, айниқса, биринчи босқичга қабул қилинган ёшларга катта қулайлик яратади.

Рақамларга мурожаат қилсак: жорий ўқув йили учун университетга жами 4 минг 500 та ариза келиб тушган бўлса, шундан 3 минг 60 нафар талаба аллақачон ётоқхоналардан ўрин олди. Университет тасарруфидаги 5 та талабалар турар жойига жойлашганларнинг 670 нафари ўғил болалар, қолган қисми эса қизларни ташкил этади.

Ётоқхоналарда ёшлар хотиржам билим олишлари учун барча имкониятлар муҳайё қилинган. Дам олиш хоналари, кутубхоналар ҳамда ошхона ва ювиниш хоналари жуда озода, тартибли ва санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳолатга келтирилган. Бундан ташқари, ариза топширган 1 минг 500 талабанинг 1 минг 100 нафари ижара хонадонларига тартибли жойлаштирилиб, ушбу жараён ҳозирда тизимли давом этмоқда.

Қувонарлиси, талабаларни ортиқча оворагарчиликсиз, тез ва қулай жойлаштиришда университетнинг масъул ходимлари — Талантбек Мадумаров, Турсунбой Мўйдинов, Улуғбек Каримбердиевкаби жонкуяр мутасаддилар ёшларга чин дилдан кўмаклашиб келишмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари сабабли талабалар қулай, хавфсиз ва муносиб яшаш шароитлари билан таъминланди.

Моҳигул СИДДИҚОВА.