Талабалар ташаббуси: Таътилда маҳалламиз болалари билан ишлаймиз
27.12.2025 55
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган тарихий Мурожаатномасини талабаларимиз билан биргаликда тинглаб, ёшларга берилаётган имкониятлар ва олдимизга қўйилаётган улкан мақсадлардан қалбимизда чексиз фахр туйдик.
Бугун тараққиётнинг қай бир жабҳасига қараманг, давлатнинг эртанги кунини белгилашда ёшларнинг билим ва салоҳияти ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Мазкур тарихий ҳужжатда ҳам ёшлар масаласи алоҳида ўрин эгаллади.
Хусусан, Мурожаатномада мамлакат аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этиши, улар нафақат демографик салмоқ, балки инновация ва ижодий ғоялар манбаи эканлиги таъкидланди. Шу боис, давлат сиёсатининг марказида ёшларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун барча имкониятлар яратиш устувор вазифа саналади. Сабаби, ёшларнинг билим олиш, меҳнат қилиш, ижтимоий фаоллик соҳаларида тенг имкониятлар билан таъминланиши мамлакатнинг барқарор ривожланишига катта таъсир кўрсатади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Мактабгача таълимдан тортиб, олий таълим муассасаларига қадар замонавий методлар ва рақамли технологиялар қўлланилмоқда. Айниқса, фан олимпиадаларида талабаларимизнинг юқори натижаларга эришиши, уларнинг интеллектуал салоҳияти тобора ривожланаётганидан далолат беради. Бу эса мамлакатда билим ва иқтидорни қадрлаш сиёсати самарали амалга оширилаётганини кўрсатади.
Айниқса, Президентимизнинг 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифлари айни кўнглимиздаги гап бўлди. Севинч Собирова, Моҳинур Азимбаева, Сабринабону Зойирова сингари юртимизнинг турли вилоятларидан келиб ўқиётган кўплаб талабаларимиз қишки ва ёзги таътилларда ўзлари туғилиб ўсган маҳаллада ўқувчиларни жаҳон тилларига қизиқишларини ошириш бўйича турли ташаббусларини баён этдилар. Бу ҳам келажак авлодни олий таълимга йўналтириш, уларнинг салоҳиятларини ривожлантириш йўлида кичик, лекин хайрли бир қадам бўлади.
Мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагогкадрлар билан тўлиқ таъминлаш каби эзгу мақсадлар Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган. Унинг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитларни яратиш”, деб номланган йўналишида олий таълим тизими олдида турган вазифалар ижросини бажариш борасида университетда қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Мурожаатномада қайд этилганидек, меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадрлар кириб келмоқда. Энди олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратилади. Унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари, муассаса ва корхоналардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар онлайн тарзда кўриниб туради. Ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, соҳаларга малакали кадрларни жалб қилиш имконини беради.
Қизлархон ЖАББОРОВА,
Ҳаётхон ЎРИНБОЕВА,
ЎзДЖТУ инглиз тили биринчи факультети катта ўқитувчилари.
