Андижонда

ТАЛАБАЛАРГА ВИЛОЯТ ҲОКИМИ СТИПЕНДИЯСИ ТОПШИРИЛДИ


01.07.2021   602

Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Ёшлар куни муносабати билан Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғининг ёзги амфитеатрида ўтказилган байрам тадбири доирасида 22 нафар талабага вилоят ҳокими сипендиясини олиш учун махсус сертификатлар топширилди.

Айни кунда вилоятдаги 5 та олий таълим муассасасида 40 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 1 минг нафарга яқинини магистратура йўналиши талабалари ташкил этади.

Кундан кунга ривожланиб бораётган мамлакатимиз келажаги кўп жиҳатдан иқтидорли, юксак салоҳиятли ёшларга, бўлажак малакали мутахассисларга боғлиқ. Ана шундан келиб чиқиб вилоятдаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар орасидан ўзининг юксак иқтидор ва қобилиятини намоён эта оладиган, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган фидойи ёшларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг илм-фан, санъат, спорт ва бошқа йўналишларда республика ва халқаро даражадаги ютуқлар кўламини кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида вилоят ҳокими ўтган йили ўз стипендиясини таъсис этган эди.


Жорий ўқув йилида олий ўқув юртлари талабалари томонидан “Вилоят ҳокими стипендияси”га тақдим этилган ҳужжатлар Низом талаблари асосида кўриб чиқилиб энг юқори натижаларга эришган 22 нафар талаба вилоят ҳокимининг бир марталик стипендиясига сазовор бўлди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов стипендия соҳибларига бир марталик стипендия олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификат ҳамда ўзининг эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.

– Мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор, хусусан, вилоятимиз ҳокимининг рағбати биз ёшларни янада фаол, фидойи бўлишга ундайди, – дейди Андижон давлат университети Хорижий тиллар факультети талабаси, ҳоким стипендияси соҳибаси Заринабону Мадраҳимова. – Бундан буён ҳам фақат аъло баҳоларга ўқиб, келажакда малакали мутахассис бўлишга, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга ҳаракат қиламан.

Стипендия соҳиблари вилоят ҳокимининг энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдоридаги бир марталик стипендиясини олиш билан бирга, вилоят ҳокимлигининг захира кадрлар рўйхатига ҳам киритилади. Улар олий ўқув юртини тамомлаганларидан сўнг ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштирилади.