Талабанинг таълими ҳам, тарбияси ҳам бирдек муҳим
17.02.2026 32
Олий таълим муассасаларида жорий этилган тьюторлик фаолияти катта масъулият талаб этади. Тьюторлар ўзига бириктирилган гуруҳ талабаларига таълим олиш, дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўқув жараёнида юзага келадиган муаммоларни ҳал этишда яқиндан кўмаклашади.
АДТИдаволаш факультети тьютори сифатида буни теран ҳис қиламан. Айни вақтда 150 нафар талабанинг юриш-туриши, интизоми, тақдири учун масъулият зиммамда. Уларнинг 50 нафари қизлар. Бир нафари оилали. Барчасини ўз фарзандимдек яхши кўраман. Аксарияти андижонлик, аммо турли вилоятлардан келиб ўқиётганлар ҳам анчагина. Демак, уларнинг биринчи галдаги эҳтиёжи – турар жойдан муаммоси бўлмаслиги зарур. Ҳозирда уларнинг 2 нафари талабалар ётоқхонасида, 51 нафари ижара хонадонда яшайди.
Талабаларнинг яшаш жойларига бориб, шароитлари ва муаммоларини ўрганамиз. Зарур ҳолатларда яхшилаш чораларини кўрамиз. Бир гал ижара хонадонда турган талабамни қишнинг чилласида уй эгаси чиқариб юборибди. Тўғри, муаммони тез ҳал этдик. Шу воқеа сабаб ижара хонадон эгалари билан ишлашга жиддийроқ эътибор қаратиш зарурлигини яна-да чуқур ҳис қилдик.
Ота-оналар билан мунтазам алоқа ҳамкорликдаги фикрларимизни уйғунлаштиришга ёрдам бермоқда. Йигит-қизлар ўртасида “тенгдош тенгдошга” тамойили асосида бир-бирини назорат қилиш, ўзаро ёрдам бериш ва ҳисобдорлик тизимини йўлга қўйганмиз.
Ҳар бир талабанинг дарсларни ўзлаштириши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиши учун жавобгармиз. Улар билан боғлиқ ҳар қандай масалани ечиш учун ёрдам берамиз. Талабалик даврида ҳам отадек, ҳам онадек бўлиб, уларнинг яқин маслаҳатгўйи, дўстига айланамиз. Сирасини айтганда, кунига 8 соат эмас, 24 соат улар билан биргамиз.
Улар орасида истеъдод эгаларини шакллантириб, халқаро танловларда иштирокини таъминлашни мақсад қилганман. Айниқса, дарсларнит яхши ўзлаштиролмаётган ва тарбияси оғир талабалар билан тизимли ишлаш кутилган самараларни бераётганини қайд этишим керак. Ота-она назоратидан бироз йироқ бу даврда бебошликлар рўй беришига йўл қўймаслигимиз шарт.
Мутахассислигим – психолог. Айни йўналиш, йигирма йилга яқин педагогик стажим, жамоат ишларидаги кўп йиллик тажрибам ёшлар билан тез тил топишишимда қўл келади. Болаларимнинг ҳар томонлама фаоллигини оширишда зарур психологик ёрдам кўрсата олсам, амалий кўмак беролсам, меҳнатимдан янада кучга тўламан.
Бир кунишифохонага кириб кетаётиб, талаба қизнинг бир йигит билан тортишиб турганини кўриб бефарқ ўтиб кетолмадим. Яқинлашиб, гап нимадалигини суриштирдим. Аён бўлдики, йигит қизга ота-онасига билдирмасдан хорижга чиқиб кетишни таклиф қилаётган экан. Мен шу институт тьюториман, ҳар бир қиз учун жавоб бераман, қолаверса, оқила аёллар ҳаракати ва маърифат тарғиботчиси, аёллар психологиман, дея можарога нуқта қўйдим. Воқеадан ота-онасини хабардор қилдим.
Анча вақт ўтгач, шу қиз мени учратиб қолиб, миннатдорлик билдирди: “Ўшанда сизга қаттиқ гапириб, шахсий ишимга аралашманг, деб ранжитган эдим.Йигитнинг сохта муҳаббатига ишониб, алданиб қолишимга оз қолганди. Бирга кетишга кўнмаганимдан сўнг яқин дугонам билан хорижга “сурворди”. У билан ҳам севишиб юраркан. Ҳозир дугонам дом-дараксиз, ота-онаси куйиб адо бўляпти...”
Яна бир воқеани айтай. Одобли, камсуқум талаба қизим бор эди. Дарсдан сўнг уйига ҳеч шошилмасди. Кимнинг юмуши бўлса, беминнат бажариб юрарди. Дугоналарига ҳеч уйга боргиси келмаслигини таъкидлайвераркан. Секин гапга солсам, отаси вафот этган, қари бувининг қарамоғида яшаркан. Буви бошқа набираларига нисбатан унга ўгай кўз билан қарар, тоғаларинг боқсин, кет, деб кўп дакки бераркан.
Юрагим жунбушга келди. Кузатсам, қиз яхшигина пазанда экан. Бош ошпаз билан гаплашиб, дарсдан бўш вақтлари ёрдам бериш шарти билан ишга жойлаб қўйдим. Шу қизнинг бувиси билан гаплашишга аҳд қилдим. Хуллас, вазиятини топиб учрашдим. Инжиққина кампир экан, набирангиз сизни оғзидан бол томиб мақтайди, деганимдан сўнг сал чиройи очилди. Бизнинг энг аълочи, ақлли, чаққон қизимизнинг бувисимисиз, берган тарбиянгизга раҳмат, дедим қайта-қайта.
Эртасига қиз кўзлари чақнаб келди, бувимнинг менга муомаласи ўзгарди, деди йиғлаб. Ҳаммаси яхши бўлади, қизим, дедим бағримга босиб. Ҳа, ҳаммаси яхши бўлди.
Таълим муассасамизда “Инновацион ғоя тарғиботчиси”,“ Энг зукко тьютор ”, “Энг ибратли мураббий”, “Тарбиявий ғоя - тарғиботчиси”, ”Маънавият ва маърифат тарғиботчиси”, “ Энг ташаббускор тьютор” сингари кўрик-танловларнинг ўтказилиши фаолиятимизни янада самарали ва натижадор бўлишида катта аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, институтга ёндош маҳаллалар билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Маҳалла фаоллари, ёшлари билан биргаликда талабаларимиз бўлажак тиббиёт мутахассиси сифатида бой тарихий, миллий ва диний анъаналаримизга ёт бўлган ғояларга қарши курашиш, наркомания, уюшган жиноятчилик ва бошқа иллатларга муросасиз муносабатда бўлиш мавзуларида тадбирлар ташкил этиб туришади.
Ёшлар билан ишлаш қийин, лекин мана шундай завқли. Кимгадир кўмагингиз тегиб, ҳаёти яхши тарафга ўзгарса, ўқиши яхшиланса, тарбияси изга тушса, бундан ортиқ бахт борми!
Мадина МАМАЖОНОВА,
АДТИ тьютори.
