ТАЪЛИМ КРЕДИТИ олиш ва қайтариш тартиблари қандай?
04.09.2024 824
Тўлов шартномаси асосида таълим олаётган талабалар учун таълим кредитидан фойдаланиш йилдан йилга қулайлашиб бормоқда. Президентимизнинг жорий йил 27 майдаги “Олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитини ажратиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ушбу тизимнинг янада яхши самара бериши учун муҳим омил бўлди.
Мазкур ҳужжатда белгиланганидек, Олий ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талаба ва ўқувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида таълим кредити берилади.
Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим кредити ажратишнинг янги тартиби жорий этилади:
– олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари ҳамда профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун –тўлов-контракт суммаси миқдорида;
– олий таълим ташкилотларининг иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи “3” дан паст бўлган тақдирда тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратиш (“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари бундан мустасно).
2024/2025 ўқув йили бошлангунга қадар таълим кредитини олиш учун аризаларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг "Таълим кредити" ахборот тизими (talim-krediti.mf.uz) ва ЯИДХП орқали топшириш имконияти яратилиши режалаштирилмоқда.
Биз, Таълим кредити олиш бўйича ота-оналарни, талабаларни қизиқтираётган саволлар билан Марказий банкнинг Андижон вилояти бош бошқармаси кредит бўлими бошлиғи Файзулла Тожибоевга мурожаат қилдик.
- Таълим кредитини қайси банклар беради?
- Бу турдаги кредитларни Халқ банки, Миллий банк, Бизнесни ривожлантириш банки, “Алоқа банк”, “Асака банк”, “Агробанк”, “Микрокредитбанк”, “Туронбанк”, “Ҳамкорбанк”, Orient Finans банклари беради.
- Таълим кредити қачондан бошлаб берилади ва қандай ҳужжатлар зарур?
- Кредитни расмийлаштириш ўқув йилининг биринчи ярми учун сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигидан кейин бошланади. Жараён ноябрь ойининг охирларигача давом этади.
Таълим кредити расмийлаштириш учун талабанинг фуқаролик паспорти, у таълим олаётган муассасадан контракт суммаси кўрсатилган тўлов шартнома, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашиши мумкин. Уларниг иш ҳақи тўғрисида маълумотнома ва фуқаролик паспортлари зарур бўлади.
Таълим кредити мижоз ва банк ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, бир йиллик контракт тўловининг 50 фоизи ёки 100 фоизи миқдорида берилади.
- Агар талаба ўқув йилининг биринчи ярмига ўзи тўлов қилса ва иккинчи ярми учун таълим кредити олса бўладими?
- Ҳа. Фақат талаба банкка контракт тўловининг дастлабки 50 фоизини тўлагани ҳақида олий таълим муассасасидан маълумот тақдим этиши зарур.
- Мамлакатимиздаги олийгоҳларда контракт шартнома тўловлари турлича ҳисобланади. Қайсидир олий таълим муассасасида кўпроқ сумма, қайсинисидадир камроқ. Банклар бу борада кредитни ана шу суммага қараб қоплаб берадими?
- Албатта. Талаба ўзи таҳсил олаётган олийгоҳдан тўлов шартномасини олиб келади, унда қайд этилган контракт суммаси банк томонидан олийгоҳнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
- Таълим кредити бир марта бериладими?
- Кредит йиллик тўлов контракт шартнома суммаси миқдорида ажратилади. Лекин ушбу кредитни ҳар бир ўқув йилида олиш мумкин. Масалан, 1-курсда таълим кредити олган бўлсангиз, 2-курсда ҳам олишингиз мумкин.
- Кредит қай тартибда қайтарилади?
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим кредитлари йигитларга фоизли, аёл-қизларга фоизсиз (улар олган кредит суммаси фоизини молия вазирлиги қоплаб беради) берилади. Бу дегани йигитлар ўқиши давомида кредитнинг фоизини тўлаб боради. Аёл-қизлар бундан мустасно. Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.
Эслатиб ўтамиз, таълим кредити суммаси, фоизлари, ставкаси ҳақида ҳар бир банкнинг расмий сайти, шунингдек, Таълим кредити платформаси орқали аниқ маълумотлар олишингиз мумкин.
Гулжаҳон ЖАББОРОВА.