Андижонда

ТАЪЛИМ СИФАТИ – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ


24.02.2023   233

Сўнгги йилларда юртимизда мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантириш, давлат-хусусий шерикчилик ва хусусий сектор ресурсларидан кенг фойдаланиш, аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини ривожланган давлатлар даражасига етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Юртбошимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам биринчи навбатдаги эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилди. Бунга мутаносиб равишда 2023 йилга – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили, деб ном берилди.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида ҳам таълимга катта диққат қаратиб, туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилишини маълум қилган эди.

Андижон туманидаги 55-умумтаълим мактабининг бўш турган ертўласида ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш корхонасида бўлган Президентимиз ўқувчиларни таълим ҳамда касбга ҳамоҳанг ўқитиш бўйича йўлга қўйилган тажриба билан танишганди.

Таълим тизимида янада жиддий ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, 55-умумтаълим мактабида ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш корхонаси тажрибасини вилоятимиздаги қолган 780 та умумий ўрта таълим муассасаларига ҳам кенг ёйилиши, мактаб таълимни халқаро дастурлар асосида бутунлай ислоҳ қилиниши, вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган ҳудудий дастурларга асослантирилган партиямиз депутатлик гуруҳлари таклифларини киритиш ишида жонбозлик кўрсатишимиз лозим.

Таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал этсаккина, ёшларнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, уларнинг қобилият ва истеъдодини юзага чиқариш борасида улкан ишларнинг амалга ошишида мустаҳкам замин яратган бўламиз.

Янги Ўзбекистон бунёдкорларини янгича фикр ва дунёқарашга эга, ўз касбининг моҳир устаси, салоҳиятли олим, энг асосийси, ўз ҳаётини юрт тақдирига муштарак ҳолда кўрадиган, Ватаннинг эртаси учун қайғурадиган етук инсонлар қилиб вояга етказа оламиз.

Зеро, юртбошимиз ғоят ўринли таъкидлаганидек, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю-ягона тўғри йўлидир”!

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати