Таълимга таянмаган тадбиркорлик узоққа бормайди
16.10.2025 157
Таълим мамлакатнинг умумий ривожини кўрсатиб берадиган энг муҳим соҳаларидан бири эканини яхши биламиз. Таълим даражасига қараб мамлакатдаги бошқа соҳаларнинг умумий кўрсаткичларига ва барқарорлигига баҳо бериш мумкин. Шу маънода тадбиркорлик таълими мамлакат ривожи учун жуда муҳим.
Чунончи аҳолини тадбиркорликка ўқитиш, ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш орқали мамлакатда кичик ва ўрта бизнес субъектларининг ўсишига туртки берилади. Ҳукумат ва жамоат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган тадбиркорлик таълими дастурлари жамиятда иқтисодий фаолликни оширишнинг асосий воситасига айланмоқда.
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг Андижон вилояти ҳудудий филиали бу борада ислоҳотларнинг етакчи ижрочисига айланмоқда. Тадбиркорлик - бу фақат бизнес эмас, балки муаммоларни ҳал этиш, имкониятларни аниқлаш ва ташаббускорликни ривожлантириш маданиятидир. Тадбиркорлик бу - орзу, меҳнат, сабр ва ниятнинг ягона бирлашган шаклидир, яъни тадбиркорликнинг асосий сирлари бу билим ва ўрганиш, хавфдан қўрқмаслик, инсонларга фойда етказиш, сабр ва бардошли бўлишдир яъни ҳар қандай катта ютуқлар сабр ва бардош натижасидир.
Филиалимиз томонидан ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги “Ёшлар ва хотин-қизларни касб-хунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурини самарали амалга ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолияти учун микрокредитлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда бу ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 2023 йил 7 августдаги қарорлари ижросини таъминлаш бўйича вилоятимизнинг 16 та шаҳар туманларида “Касбий таълим” платформаси орқали тавсия берилган тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаш истагини билдирган ҳамда фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган фуқаролар “Тадбиркорлик ва бизнес асослари”, “Маркетинг хизматлари ҳамда товар ва хизматларнинг рекламасини ташкил этиш” дастурига асосан ўқитиб келинмоқда.
Таъкидлаш керак, биз мазкур таълим олдидан МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатлари тажрибасини алоҳида ўргандик. Чунки уларда ҳам биз каби 90-йилларда иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш вазифаси турган. Умуман қараганда, мамлакатнинг келажаги хусусий сектор билан узвий боғлиқ. Кичик ва ўрта бизнес иқтисодиётнинг пойдевори сифатида ишлаши керак. Бунинг учун энг бошланғич қадам таълимдан бошланади.
Масалан, айни кунларда биргина Марҳамат туманида ташкил этилган ўқув курсимиз машғулотларида туманнинг 100 нафарга яқин аҳоли вакиллари иштирок этмоқдалар. Тингловчилар дастурга асосан “Тадбиркорлик нима? Бизнес сари илк қадам”, “Жамғармани яратиш ва уни бизнесга инвестиция қилиш босқичлари”,”ДХМ дан рўйхатдан ўтиш”, “Банк ва банк операциялари”, “Маркетинг ва маҳсулотларни самарали сотиш”, “Бизнес режа ва уни тузиш”, “Е-аукцион платформаси ва унда ишлаш кўникмалари” ҳамда “Тадбиркорлик субъектларининг эспорт ва импорт операциялари” ва бошқа мавзулар бўйича билим олмоқдалар. Мунтазам қатнашган тингловчилар ўқув дарслариякунида онлайн тарзда тест топшириб махсус сертификатга эга бўладилар. Келажакдатингловчиларда мониторинг ишлари олиб борилади ҳамда ўз ғояларини рўёбга чиқариш, лойиҳаларини молиялаштириш бўйича назарий кўмак ҳам кўрсатилади.
Азимжон Турдиев,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси
ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик Олий мактаби
вилоят ҳудудий филиали раҳбари
