Атрофга назар

ТАНАЗЗУЛГА ЭЛТАЁТГАН ТАНОВУЛ


26.01.2022   509

Ҳар қадамда дўконлар, савдо шохобчалари. Киргандан ялт этиб кўзга бир-биридан ажойиб ширинликлар, егуликлар кўринади. Қай биридан олсам экан деб ўйланиб қоламиз. Хилма-хил шоколадлар, нордонгина қовурилган картошка чипслари, мармеладу, шўртаккина писталар. Номини билмайдиган яна аллақандай нарсалар борки, уларни санаб адоғига етолмайсиз. Ичимликларнику, айтмай қўя қолайлик.

Инсонлар маънавий озуқадан кўра моддий озуқани хуш кўрмоқда. Бир пайтлар “яшаш учун еймиз” дейиларди, ҳозирда эса акси -ейиш учун яшалмоқда.

Аммо тановуллимиздаги озуқалар бизга қаначалар фойдали ёки зарарли. Албатта интернетдан ўқиганимиз, турли маълумотлардан келиб чиқиб нима зарар, нима фойдалилигини бироз бўлса-дабиламиз. Лекин амал қилмаймиз. Охир-оқибат организм сунъийликдан чарчаб, турли хил касалликлар, ортиқча вазн, қон босими, қандли диабет каби дардларга чалинмоқда. Келинг, деярли ҳар куни истеъмол қилаётган маҳсулотлар таркибига бир назар ташлайлик. Балки шунда зарарли ҳамда заҳарли бўлган маҳсулотлардан воз кечармиз.

Энг харидоргир, ёшу қарига бирдек ёқадиган қарсилдоқ «картошка чипс»лари. Кўринишидан, таъмидан эрмакка ейиш учун ёки безарар туюлса-да, дўконларда сотилаётган «чипс»лар биринчидан, энг арзон ўсимлик ёғларида қовурилади. Калория манбаи, кансерогенлар ва токсинларга бой. Ушбу моддалар билан тананинг мунтазам заҳарланиши саратон ривожланишига олиб келиши мумкин.

Шу ўринда энергетикларга тўхталмай иложимиз йўқ. Сўнгги йилларда ёшларнинг севимли ичимлигига айланган ушбу маҳсулот харидоргирлиги билан энг юқори ўринда туради. Қадоғига 18+ деб ёзилган бўлса-да, вояга етмаган болаларнинг ушбу нарсадан заҳарланганига бир неча бор гувоҳи бўлдик. Таркибида юқори даражада кофеин сақлаганлиги сабабли юрак қисқаришига, сўнгра жисмоний зўриқишга олиб келади. Тана қувват ичимлигига ўрганиб қолгач, унга эҳтиёж сезилиши билан бош оғрий бошлайди. Бу гўё гиёҳванд моддага ўрганиб қолишга ўхшайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти энергетик ичимликларнинг салбий таъсири ҳақида огоҳлантириш эълон қилиб ҳамда энг кўп болалар зарар кўраётгани айтилмоқда.

2006 йилда Туркияда биринчи бор «Соса-соlа» ичимлигининг таркиби бўйича суриштирув ўтказилган эди.Унинг таркибида қанд, фосфор кислотаси, кофеин, карамел, корбонат ангдрид кислотасиқандайдир қўшимча экстракт борлиги ва бу Cochineal (кошенил) ҳашаротидан олинадиган суюқлик эканлиги аниқланди. Ушбу компанияда 23 йил ишлаб, умуман ичимлик истеъмол қилмаган бир ходим шундай дейди: ичимликнинг асосий хом ашёси қизилмия ўсимлигининг томири ҳисобланади. Томир кўпгина сутэмизувчи жонзотлар ва сичқонлар озиғидир. Ишлаб чиқаришда тонналаб ўсимлик экскаваторлар ёрдамида қазиб олинади. Жараёнда қолиб кетган сичқонларни ажратиб олиш имкони бўлмайди ва барчаси биргаликда прессланади. Шундан кейин кўзга кўринган туклар, ёт жисм ва бошқа қолдиқлардан тозаланади. Ишлаб чиқарувчи гигант компаниялар кимёвий йўл билан турли қолдиқларни тозалашади.

Вашингтонлик олимлар ичимлик таркибида шакар эритмаси ўрнига қанд, аммиак ва сулфитларнинг кимёвий аралашмаси мавжуд бўлиб, ўпка, жигар, қалқонсимон без саратони ва лейкемия келтириб чиқаришини аниқладилар.

Бундан ташқари севиб эрмак қиладиган шоколадларнинг кўпида чўчқа ёғи борлиги маълум бўлди. Демакки, истеъмолимиздаги ҳар бир маҳсулотга жиддий эътибор беришимиз, уларнинг таркибини билишимиз, энг асосийси, фарзандларимизга ҳам буни тушунтирмоғимиз даркор.

Катта –катта баннерлардаги иштаҳа очар рекламаларда акс этаётган фаст-фудлар, оқ нон, колбаса маҳсулотлари, тез тайёр бўлувчи ҳамирли таомлар, газли ичимликлар – буларнинг барчаси инсон саломатлигига катта хавф туғдирмоқда. Оқибатда номини ҳам билмайдиган кассаликлар, вирусли инфекциялар турлари кўпаймоқда. Ёш оналарнинг деярли 80 фоизи вирусли инфекциялар билан касалланган бўлиб, бунинг асл сабаби ярим тайёр маҳсулотлар ҳамда чала пишган гўштли егуликлар, товуқли қовурдоқлар оқибатида келиб чиқаётганлиги айтилмоқда. Буларнинг барчаси соғлом фарзанд дунёга келишига тўсқинлик қилади.

Шу ўринда диетолог, соғлом овқатланиш тарғибчиси Дилдора Ботирова шундай дейди: - Барча қайта ишланган маҳсулотлар инсон организмига катта зарар келтиради. Соғлом турмуш тарзи дегани фақатгина бир хил маҳсулот билан парҳез қилишэмас. Спорт билан шуғулланиш, табиий маҳсулотлар, оқсиллар, мева-сабзавотлар билан овқатланиш, кунига камида икки литр сув ичиш, газли ичимликлар, гамбургер, ходдог каби фаст-фудлар, ширинликлар, ярим тайёр маҳсулотлардан воз кечилса, ҳақиқий соғлом турмуш тарзига эришилади.

Инсонга ўзидан ҳам, аниқроқ айтадиган бўлсак, нафсидан кўра ортиқроқ душман йўқ. Зеро, ошқозон касалликлар ўчоғидир. Парҳез эса давонинг бошидир.

Моҳигул Сиддиқова.