Андижонда

ТАНИШИ БОР ЭКАН... ТИКУВ ЦЕХИ ОЧИБ БЕРМОҚЧИ БЎЛДИ


28.01.2022   927

Одамнинг кимлигини билиш учун қанча вақт керак, деб ўйлайсиз? Бир кунми, бир йилми ёки... Даврон Воҳидов (мақолада исм-фамилиялар ўзгартирилди)нинг қандай кимса эканлигини, афсуски, қариндоши кеч англади. У турмуш ўртоғиВасила Воҳидова билан холаваччаси Жамшид Салимовга тикув цехи очиб бермоқчи бўлди. Даврон ундан кундалик эҳтиёжлари учун баъзи-баъзида уч-тўрт сўм қарз олиб турарди. Бу сафар ҳамомонатини қайтаргани борган эди.

- Шу десанг, тикув цехи очиш ҳаракатидамиз, кредитга ҳужжат тўғирлаяпмиз. Келинойинг барчасига ўзи бош. Агар хоҳласанг шерик қиламиз. қарабсанки, тез орада тумандаги биринчи рақамли бойваччага айланамиз.

- Майли-ку, аммо йўл-йўриқ кўрсатаётган кимдир борми? Дабдурустдан тушунмаган ишни бошлаб бўлмас, - деди бироз шубҳалангандек Жамшид.

- Ҳа, келинойинг қизлик даврида ишлаган цехнинг раҳбари ёрдам берадиган бўлди.Аввалига тикув машиналарини сотиб олишимиз керак. Ҳар бири 5 миллиондан экан.

Ҳартугул холасининг ўғли алдамаса керак. Таклифи қизиқтириб қўйди. Дастлаб бор будини тўплаб 4 миллион 850 минг сўм, кейин 7 миллионни "тадбиркор" эру хотинга тутқазди. Ҳатто уйидаги қорамолларини ҳам сотиб берди. Шу тариқа уч ой ичида 72 миллионсўм қулоғини ушлаб кетди. У на машиналарни кўрди, на цех билан бориб танишди.

Бора-бора қўнғироқлари жавобсиз қолар, "эрта-индин"лар ҳеч тугамасди. Бир куни қатъият билан туриб олди: мени цехга олиб боринглар, бошқача ваъдалар бергандинглар-ку…

Овлоқроқ жойдаги маҳаллаларнинг бирига боришди. Васила кўримсизгина бино эшигини очмоқчидек кўринди. Телефонини титкилаб, бошлиғи кўтармаётганлигини айтди.

-Мана шу ер, бугун дам олиш, ишлашмаяпти.

Шу зайлда кунлар ўтаверди. Жамшид ҳар дақиқада алданганлигини янада чуқурроқ ҳис этарди.қариндошим деб юзхотирлик қилса рўзғори, емоқ-ичмоғи нима бўлади? Пулларни болаларининг ризқини қийиб тўлади-ку. Ваниҳоят қарор қилди: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қиламан.

Воҳидовларнинг боши қонун, қўни-қўшни, қариндош-уруғ олдида хам бўлди. Улар Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан айбдор деб топилиб, Даврон Воҳидов уч йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Васила Воҳидовага эса уч йилу олти ойга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.Кўриниб турибдики, бу ҳукмлар инсонпарварлик нуқтаи назаридан чиқарилган ва бири 25 га, иккинчиси 22 ёшга кирган эру хотиннинг келгусида қилмишларидан аччиқ сабоқ чиқариб, ҳаётда қоқилмай яшашлари учун берилган имкониятдир.

Қаҳрамон АҲМАДАЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Олтинкўл тумани судининг раиси,

Жамшидбек ЗОКИРОВ, девонхона мудири.