Атрофга назар

Тараққиёт локомотиви


06.07.2026   12

Бугун Андижонда саноат кластерлари асосида инвестицион жозибадорлик ва ташқи савдо салоҳиятини юксалтиришнинг яхши тажрибаси яратилди.

Глобаллашув шароитида ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш ҳар бир мамлакат иқтисодий тараққиётининг муҳим омилига айланмоқда. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ҳудудий иқтисодиётни диверсификация қилиш, саноатни модернизациялаш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган.

Вилоятимиз мамлакатнинг саноат салоҳияти юқори бўлган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Қулай географик жойлашув, малакали меҳнат ресурслари, ривожланган саноат базаси ва ташқи иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши инвестициялар жалб қилиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Мазкур йўналишда Тошкент давлат иқтисодиёт университети Андижон факультети Мутахассислик, ижтимоий-гуманитар ва аниқ фанлар кафедраси доценти, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) сифатида илмий таҳлиллар олиб бораётганимни алоҳида қайд этмоқчиман.

2025 йил якунларига кўра, вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 103,8 триллион сўмни ташкил этди. Аҳоли сони 3,6 миллион нафардан ошган бўлиб, бу меҳнат ресурслари салоҳияти юқори эканини кўрсатади.

Ҳисобот даврида вилоятга 2 миллиард 529 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар жалб қилинди. Асосий инвесторлар сифатида Хитой, Туркия, Германия ҳамда Россия иштирок этмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобига янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилиб, замонавий технологиялар жорий этилмоқда.

2026-2028 йилларда эса жами 3,5 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Шу доирада 15 та йирик стратегик лойиҳани амалга ошириш ва минглаб янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

Экспорт йўналишида ҳам ижобий натижалар қайд этилмоқда. 2025 йилда вилоятимизда экспорт ҳажми 2,1 миллиард долларга етди. Андижон бугунги кунда 86 давлат билан ташқи савдо алоқаларини амалга оширмоқда. Асосий ҳамкорлар Россия, Хитой, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳисобланади.

Ҳудуд иқтисодиётида автомобилсозлик етакчилик қилади. Шунингдек, тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти юқори суръатларда ривожланмоқда. "Ипак йўли", "Андижон-фарм" ва “Андижон Технопарк” махсус иқтисодий зоналари янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фикримча, келгусида инвестицияларнинг самарадорлигини янада ошириш учун юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳаларига сармояларни кўпайтириш, экспорт таркибини диверсификация қилиш, кичик бизнесни йирик саноат корхоналари билан кооперация қилиш ҳамда халқаро сифат стандартларини кенг жорий этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Шунингдек, хизматлар экспортини, айниқса IT-аутсорсингни ривожлантириш, ёш кадрларни дуал таълим асосида тайёрлаш ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш ҳудуднинг рақобатбардошлигини янада оширади.

Мухтасар айтганда, Андижон инвестиция ва экспорт салоҳияти бўйича республикадаги етакчи ҳудудлардан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Замонавий инвестиция сиёсати, саноат кластерларининг ривожланиши ва ташқи иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсиши, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Абдулфотиҳ АЙСАЧЕВ.