Андижонда

ТАРИХИЙ ВОҚЕА ШОҲИДИМАН


03.09.2021   331

Деҳқончилик менга ота мерос. Қўлимга кетмон олиб далага қадам босганимга ҳам 50 йилдан ошди. Устозлик мақомидаги тажрибали деҳқонлар этагини маҳкам ушладим. Улардан ер билан тиллашиш маҳоратини олишда ҳаракатдан қолмадим.Эришган натижаларим кўзга ташланган сари хўжалик раҳбариятининг менга бўлган ишончи ортаверди. Бухгалтерия ҳисоб-китобини яхши билганлигим, аввалги Андижон давлат педагогика институтида сиртдан таълим олганлигим боис бригада аъзолари билан ишлаш жараёнидан урғуни иқтисодий ривожланишга қаратдим. Натижада аъзоларнинг даромадларига барака кира бошлади.

Ўтган асрнинг 80 йилларида режасиз бошланган "қайта қуриш" давомида одамлар онги-шуурида фикрлар хилма-хиллиги шакллана бошланди. Жумладан, 1990 йил баҳорида ўтказилган Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлари сайлови давомида аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этишга ҳаракат қилди.

129-Кўмакай сайлов округидан Олий Кенгаш депутатлигига номзодлар кўрсатиш ўта қизғин тарзда ўтди. Хўжалигимизда бўлиб ўтган сайловолди йиғилишида бош муҳандис Шавкат Жакбаров менинг номзодимни олға сурди. Бирин-кетин бош агроном Жўрабой Жалолов, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Нуриддин Давишив, фахрий педагог Фозилжон Усмонов каби ўндан ортиқ ҳамқишлоқларим сўз олишиб, менинг номзодимни қўллаб-қувватлашди.

Округ ҳудудидаги бир қатор меҳнат жамоалари томонидан ҳам бошқа номзодлар депутатликка кўрсатилдики, улардан беш нафари рўйхатга олинди. Дастлабки сайлов бамисоли саралаш вазифасини ўтади. Такрорий сайловда эса салмоқли овоз билан депутатликка сайландим.

Бор гапни айтсам, биринчи сессиядан то охирги ялпи йиғилишгача бўлган беш йил давомида баҳслар, мунозаралар, тортишувлар турли кўринишларда давом этди. Сайловчилардан келаётган мурожаатлар шу қадар бисёр эдики, уларнинг барчасига жавоб бериш ҳаётий заруриятга айланганди.

Депутатлик фаолиятим давомида мен учун энг ардоқли бўлган саналардан бири Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинган 1991 йилнинг 31 август кунидир. Президент бу ҳақда қисқа ва лўнда гапирди ва 1 сентябрь санасини Мустақиллик куни деб белгилашни таклиф этди. Залда ҳозир бўлган депутатларнинг қарсаклари шу қадар узоқ давом этдики, халқимизнинг орзу-умидлари ушалган кун сифатида тарих саҳифаларидан жой олди.

Ўзбекистон Республикаси Конститутциясини ишлаб чиқувчи комиссия аъзолигига сайландим. Вазифалар кўлами катта бўлиб, бу борадаги хориж тажрибасини ўрганишга эътибор қаратилди. Аксарият комиссия аъзолари хориж тажрибасини ўрганиш мақсадида кўплаб мамлакатларга юборилди. Мен ҳам комиссия аъзоси сифатида ишчи гуруҳ таркибида Ҳиндистонда бўлиб, у ердаги Конститутцияни ишлаб чиқиш масаласидаги тажрибалари билан ўртоқлашдим. Икки йилдан зиёд вақт давомида тайёрланган Конституция матни қайта-қайта муҳокамалар мавзусига айланди.

Республика Мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланаётган дамларда ҳаёлимдан кўп нарса ўтаётир. Ўз қўрғонингга эга бўлиш ҳақиқатдан ҳам чин бахт экан. Олий кенгаш депутатлари фаолияти давомида билдирилган фикр ва мулоҳазаларнинг салмоқли қисми босқичма- босқич ҳаётда бўй кўрсатди ва бу жараён давом этмоқда.

Мен деҳқон депутат сифатида бир неча бор сессияларда ва комиссия йиғилишларида мулоҳазаларим билан ўртоқлашганман. Бундан 30 йил аввалги сессияларда бош мавзу асосан ер муносабатлари ва очиқлик сиёсати билан боғлиқ эди. Бугун ҳар икки мавзу ҳам ҳаётимизда ўз ўрнига эга бўлганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўзим бир гектар ер олиб, фермерликка қўл урганман. Ҳозирда 48 гектар ер эгаси бўлиб, шартнома билан боғлиқ жиҳатлар бўйича олдинги ўринда бўлаётганлигим билан қувонаман. Мен каби ер эгаси бўлган юзлаб ҳамкасбларим эришаётган натижаларни жамоа хўжаликларига таққослаб бўлмайди. Ўсиш ва ўзгариш кўлами кенгайиб бораётир. Боиси шундаки, ерга меҳр бериш туфайли ҳосил яратиш салмоғи ортмоқда. Демакки, даромад миқдори кўтарилмоқда.

Бугун-эрта йиғим-терим бошланади. Одатим бўйича кўплаб ҳамкасбларим далаларида бўлдим. Ишончим комилки, азиз ва мукаррам байрам - Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги нишонланаётган бу йилда пахта ҳосили мўллиги билан алоҳида ўрин эгаллайди.

Тоҳиржон

РЕЖАПОВ.

Олтинкўл туманидаги

"Истиқлол" фермер хўжалиги раҳбари.