Телевидение ва радиодан гапирамиз: АТВ ютуқлар ва режалар

23.12.2024 838
Андижон вилояти телерадиокомпапнияси ижодкорлари ҳам 2024 йилни муваффақиятли якунламоқдалар. Йил давомида теле ва радио ижодкорлари томонидан вилоятимизда давлатимиз ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижа ва самарадорлиги, кенг кўламли бунёдкорлик ва яратувчилик ишлари ёритиб борилди. “Андижон ахбороти”, Янгиликлар информацион дастурлари ва “7 кун”, “Билишимча” таҳлилий кўрсатувлари орқали вилоятдаги муҳим воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-маданий, маънавий-маърифий ҳаётига оид янгиликлар, муҳтарам Президентимизнинг 2024 йил февраль ойида Андижон вилоятига қилган ташрифи чоғида белгилаб берган кўрсатма ва топшириқлари атрофлича ёритилиб, томошабинлар ва радиотингловчилар эътиборига ҳавола этилди.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз айёми истиқлол байрами “Бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак – ватанмиз!” бош ғояси асосида нишонланди. “Тўйга-тўёна билан” деганларидек, ҳудудларда янги мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ҳамда қатор ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маиший объектлар барпо этилди. Жараёнлар “Обод манзиллар”, “Махсус репортаж” кўрсатувлари орқали эфирга узатилди.
2024 йил “Ёшлар ва бизнесни ривожлантириш йили”да ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш ва мустаҳкамлаш борасида кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилди. “Ишбилармон”, “Баҳс, мулоқот, таҳлил”, Миришкор, “Ислоҳотлар амалда”, “Бирга сааёҳат қиламиз”, “Наш край”, Страница”, “Главный герой” каби қатор кўрсатувларда, “Тадбиркор”, “Менинг маҳаллам, “Ёшлар минбари”, “Нажот билимда”, “Қишлоқ ҳаёти” “Туризм” сингари туркум эшиттиришларда йўналишдаги ишлар омма эътиборига ҳавола этилди.
2024 йилнинг жамоамиз учун яна бир қувончли воқеаси - сентябрь ва октябрь ойларидан ижодкорларнинг ташаббуслари билан “Салом, ҳаммага!” кўрсатуви йўлга қўйилиб, бугунги кунда ҳафтасига 3 маротаба кеч оқшом жонли тарзда эфирга чиқмоқда. Мазкур кўнгилочар кўрсатувда бевосита томошабинлар билан смс ёзишмалари орқали мулоқот қилиб, эфир орқали табриклар, номалари ўқиб эшиттирилади. Бир соат давомида турли мусиқа, ёқимли иштаҳа, кино саҳифалари ва куй-қўшиқлар бериб бориляпти. Яна бир лойиҳа, “Билишимча” таҳлилий кўрсатуви берила бошланди. Унда вилоятимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимизнинг февраль ойида Анлдижонга қилган ташрифи чоғидаги берган кўрсатма ва топшириқлар ижроси ҳар шанба кечки дастурларимизда бериб бориляпти.
Бугун айрим жиҳатларга тўхталдик, холос. Андижон вилояти телерадиокомпанияси 2024 йил давомида 46 минг 872 соат телекўрсатувлар ва 6570 соат радиоэшттиришлар тайёрлаб эфирга узатдилар.
Ижодий жамоамиз якунланаётган йилни муваффақият тугатиб, янги “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт йили” йилини юксак марралар билан кутиб олишга тайёрлар. Айни пайтда жамоамизда иш қизғин барча ижодий-техник ходимлар Янги йил кунлари бериладиган кўрсатув ва эшиттиришларни тайёрлаш билан банд. Биринчи галда, бир йил давомида вилоятимизда қилинган ишлар ишлар сарҳисобига бағишланган “Йилнома” кўрсатувини ҳамда Янги йил байрам кунлари юртдошларимизни кайфиятларини янада кўтариш мақсадида турли кўнгилочар кўрсатувлар ва эшиттиришларни тайёрламоқдалар. Айни пайтда барча муҳаррирлар, режиссёрлар, тасвирчилар барча ижодий-техник ходимлар изланиб, енг шимариб фаолият кўрсатмоқдалар.
Янги 2025 йил ҳақиқий Андижон телерадиокомпанияси йили бўлади, деган умиддамиз.
Иброҳимжон ЗУФАРОВ,
Андижон вилояти телерадиокомпанияси
директори ўринбосари