Андижонда

«Тест- 2022»: АНДИЖОНДА ЎҚУВ ТАКТИК МАШҒУЛОТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ


06.08.2022   358

8 август куни мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бошланади. Синовлар очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилиши белгиланган. Шу муносабат биланАндижон шаҳридаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг очиқ спорт майдонларида бўлиб ўтадиган синовларга тайёргарлик юқори савияда ташкил қилинмоқда.

Бугун ушбу масканда Вилоят ҳокимлиги ва барча мутасадди ташкилотлар томонидан тест синовларини белгиланган меъёрлар асосида тартибли ва кўтаринкиликда ташкил этиш бўйича ўқув тактик машғулотлари ўтказилди. Синовлар ўтадиган ҳудудлар керакли анжомлар билан жиҳозланган. Назоратчилар саволлар китоби, жавоблар варақаси, илова ва шаклларни қандай тўлдириш ҳақида яна бир бор эслатиб ўтдилар. Ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ўриндиқларга жойлашган абитуриентлар ишонч билан жавоблар варақасини тўлдиришга киришадилар.

Давлат тест маркази Андижон вилояти бўлими маълумотига кўра, синовлар кунига икки сменада ўтказилади ва 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да бошланади. Минерал сув, қуёш нуридан ҳимояловчи бош кийим, ручкалар тахт қилиб қўйилган. Синовларга фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ва махсус рухсатномадан бошқа нарсалар, анжомлар олиб келган йигит-қизлар кириш ҳудудидан четлаштирилади.

Қисқа фурсатлардан сўнг ғалвир сувдан кўтарилади. Албатта, билим ўз сўзини айтади. Ўқиб-ўрганиб, изланган, тенгдошларидан кучлилигини исботлай олган ёшлар талабаликнинг олтин даврларига йўл олади.

Билимини, зеҳнини синаш учун имтиҳондан ўтаётган йигит-қизларга омадлар тилаб, салоҳиятли ёшлар сафи кўпаяверсин, деймиз.

«andijonnoma.uz» online гуруҳи.