Атрофга назар

Тест синовлари бошланди: имтиёзли абитуриентлар кимлар?


18.07.2026   13

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижонда ҳам2026–2027 ўқув йили учун давлат олий ва касбий таълим муассасаларига қабул тест синовлари 14 июль кунидан бошланди. Синовлар 23 июлга қадар икки сменада ташкил этилади.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотига кўра, биринчи смена соат 08:00 дан 11:00 гача, иккинчи смена эса 15:00 дан 18:00 гача давом этади.

Абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга камида 1,5 соат олдин етиб келиши лозим. Улар биринчи смена учун соат 07:30 гача, иккинчи смена учун эса 14:30 гача текширувлардан ўтиб, белгиланган жойларини эгаллаган бўлиши керак.

Жараёнлар белгиланган қатъий тартиб асосида ўтказилмоқда. Абитуриентлар, уларнинг ота-оналари учун ҳудудларда барча зарур шароитлар яратилган.

Биринчи куннинг биринчи сменасида жами 3 минг нафар абитурентнинг иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, улардан 229 нафари турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок этмади.

Қабул жараёнлари очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида, белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ давом этмоқда.

Талабалик бахтига муяссар бўлиш ҳар бир абитуриентнинг орзусидир. Жорий 2026-2027 ўқув йилида ҳукуматнинг тегишли қарорларига асосан муайян тоифадаги абитуриентларга кенг имкониятлар ва имтиёзлар тақдим этилмоқда. Хўш, бу йил кимлар имтиёз асосида ўқишга қабул қилинади ва имтиҳон жараёнлари қандай ташкил этилади? Қуйида шу ҳақида батафсил маълумот берамиз.

1.Тавсиянома ва алоҳида ютуқларга эга абитуриентлар

Ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсияномасига эга бўлган, шунингдек, турли соҳаларда давлат ва халқаро миқёсда ютуқларга эришган қуйидаги абитуриентлар имтиёздан фойдаланишлари мумкин:

*Ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари: ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ва божхона органлари ходимларининг фарзандлари;

*Спорт ва илм-фан ғолиблари: Республика ва халқаро спорт мусобақалари, шахмат ва шашка турнирлари, шунингдек, халқаро олимпиадалар ғолиблари;

*Давлат мукофоти ва танловлар соҳиблари: Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Мард ўғлон” давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти соҳиблари, Маданият вазирлигининг республика кўрик-танловлари, “Тарбиячи” ҳамда “Ҳамшира” республика танловлари ғолиблари;

*Фаол ёшлар ва иқтидорлар: Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари, Президент мактаблари битирувчилари ҳамда халқаро SAT сертификатига эга абитуриентлар.

Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ва бошқа ихтисослаштирилган мактаблар учун имтиёзлар:

*Агентлик тизимидаги ижод мактаблари битирувчилари;

*Республика фан олимпиадалари ва “Заковат” интеллектуал ўйини ғолиблари;

*“A-level” ҳамда “International Baccalaureate” сертификатлари эгалари;

*Чет тили ҳамда умумтаълим фанларидан миллий сертификатга эга абитуриентлар;

*Мусиқа, рақс, театр, фольклор, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн бўйича республика ва халқаро танловлар ғолиблари;

*“Болалар спорт ўйинлари”нинг республика босқичи ғолиблари.

2.Тўпланган баллга нисбатан қўшимча балл бериладигантоифалар

Тест синовларида тўплаган баллига қўшимча балл қўшиб берилиш ҳуқуқига эга бўлган абитуриентлар:

*“Темурбеклар мактаби” битирувчилари;

*Ҳарбий мусиқа академик лицейи битирувчилари;

*Ички ишлар академик лицейи битирувчилари;

*“Ватан таянчи” отряди аъзолари.

3.Қўшимча квота доирасида танловда иштирок этувчилар

Умумий квотадан ташқари, ажратилган қўшимча жойлар (квоталар) учун қуйидаги тоифа вакиллари беллашадилар:

*Ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ота-она қарамоғисиз қолган болалар;

*Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар;

*Олис чўл ҳудудлари аҳолиси ва ўрмончилар ҳамда уларнинг фарзандлари;

*Ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ва божхона органлари ходимларининг фарзандлари;

*Ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар;

*Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла) ходимлари.

Хотин-қизлар ва ҳудудлар учун алоҳида имкониятлар:

*Беш йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумоти бўлмаган хотин-қизлар;

*“Камбағал оилалар реестри”га киритилган абитуриентлар;

*Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда у ердаги умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал (касбий) таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар.

Келтирилган маълумотлар 2026-2027 ўқув йили учун ўринли бўлиб, ҳукуматнинг тегишли қарорларига ўзгартиришлар киритилган ёки улар ўз кучини йўқотган тақдирда, имтиёзларнинг қўлланиши ўзгариши мумкин.

Билимлар синовида барчага омад кулиб боқсин, деймиз.

Гули АБДУЛАҲАТОВА.