Андижонда

ТИББИЙ ПУНКТЛАР АҲОЛИГА ҚУЛАЙЛИК ЯРАТМОҚДА


22.08.2022   639

Бугун мамлакатимизда маҳаллабай тизимда ишлаб, сифатли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш долзарб масалалардан бирига айланди. Бирламчи тиббиёт бўғинини яхшилашга эътибор қаратилиб, бу борада самарали тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқоти ҳамда 2022 йил 28 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишларида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш ва тиббиёт муассасаларидан олисда жойлашган маҳаллаларда аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида чекка ҳудудларда маҳалла тиббиёт пунктлари ўз фаолиятини бошлади.

Вилоятимизнинг 15 та шаҳар, туманига ҳам ушбу саломатлик пунктлари келтирилиб, ўрнатилиш ишлари олиб борилмоқда, айримларида аллақачон фаолият бошланиб, аҳолига тиббий кўмак кўрсатиш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Избоскан туманида аҳолига бирламчи тиббий санитария ёрдамини яқинлаштириш мақсадида жами 6 та маҳалла фуқаролар йиғинларида тиббиёт пунктлари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. Бунинг учун, аввало энг яқин тиббиёт муассасаси билан оралиқ масофаси 2 километрдан ортиқ бўлган ҳудудлар танлаб олинган. Айни вақтда уларда қўшимча ишлар (электр, сув тармоқларига улаш, олд қисмига қўшимча бетон ётқизиш) давом эттирилмоқда.

Туманнинг Бўстон маҳалласи Йиғчилар кўчасида ташкил этилган пунктда ҳудуднинг 870 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш белгиланган. Маҳалла фаоли Омонбой ҳожи ота Азимов бошчилигида қурилиш ишлари авжида.

- Аввало, бизга мана шундай қулайлик яратилишида катта кўмак бераётган мутасаддиларга раҳмат, - дейди отахон. - Шу кунгача энг яқин ҳисобланган биздан 2,5 километр олисдаги тиббиёт пунктига боришимизга тўғри келарди. Куннинг иссиғими, аёз чилласими масофа барибир оғирлик қиларди. Эндиликда шу қулайлик билан муаммо бартараф этилди.

Обод МФЙга ўрнатилган саломатлик пунктлари фаолияти намунага арзийди. 242 та хонадон аъзоларига хизмат кўрсатилиши белгиланган мазкур тиббиёт пункти август ойи бошида фаолиятини бошлаган. Маҳалладаги энг яқин тиббий муассаса билан оралиқ масофаси 3 километрни ташкил қилади. Ётоқ кроватлари, 120 хил турдаги бирламчи дори воситалари, шифокор ва патронаж ҳамшира беморларга кўмакка шай. Озодалик, саришталик намоён.

* * *

Булоқбошига ҳам тумандаги бирламчи тиббий-санитария муассасалари дислокациясининг ҳисобга олиб жами 8 та кўчма пункт келтирилган. Хусусан, Қумариқ маҳалла фуқаролар йиғини Ўсмонобод кўчасидаги тиббий маскан ўрнатиш ва атрофларини кўркамлаштириш учун бор-йўғи 4 кун вақт сарфланди. Айни вақтда 676 нафар аҳолига хизмат кўрсатаётган умумий амалиёт шифокори ҳамда патронаж ҳамшираси хизматидан барча бирдек мамнун.

Маҳалланинг Токзор кўчасига ўрнатилган саломатлик пунктлари яқин масофадаги тиббиёт маскани чамаси 4-5 километр узоқликда жойлашган. 1200 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиши белгиланган мазкур жойда бирламчи дори-дармон воситалари етарли, ётоқ кроватлари санитария-гигиена талабларига тўла жавоб бермоқда.

* * *

Жалақудуқ туманида бизга тақдим этилган маълумотда 16 та соғлик пунктлари рўйхати келтирилган, бироқ жойлардаги ўрганишларимизда мазкур рўйхатга яна иккита қўшилди. Демак, чекка ҳудудларда бундай қулайликларга талаб ортмоқда.

Ибн Сино маҳалла фуқаролар йиғини, Дўмқишлоқ кўчасига ўрнатилган тиббиёт пункти энг яқин тиббий муассасадан 5,5 километр олисда жойлашган. Беморлар муолажаси бошланган. Дори-дармон воситалари етарли.

Охунбобоев маҳалласидаги тиббиёт пункти ҳудуддаги оилавий поликлиникадан 8-9 километр узоқликда жойлашган. Фаолияти август ойи бошида йўлга қўйилган мазкур саломатлик масканида бир нафар умумий амалиёт шифокори ҳамда 5 нафар патронаж ҳамшираси 4100 та аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Бир кунда ушбу пунктда ўртача 35-40 нафар бемор муолажа қилинади.

* * *

Саломатлик - инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, истаги. Шу боис давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, соҳани изчил ривожлантириб келмоқда. Президентимизнинг жорий йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқоти қабул қилинган 25 мингдан зиёд мурожаатларнинг бартараф этилишига пойдевор бўлди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида уларни умумлаштириб, 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтгандилар. Уларнинг энг биринчиси айни мавзудаги йўналиш эди, яъни бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш масаласи. Чунки мурожаатларнинг 55 фоизи бирламчи тиббиёт муассасалари ҳақида бўлган. Шу боис, жойларда тиббий пунктлар тармоғи янада кенгайтирилиши таъкидланган. Олис маҳаллаларда ташкил этилаётган юқоридаги каби тиббиёт пунктлари, нафақат "Қишлоқ шифокори" дастурини янада такомиллаштиришга, шу билан бирга аҳолига тез ва яқин сифатли тиббий хизмат кўрсатишга замин бўлиши кўзда тутилган.

Зилола РАҲМОНОВА.

Сарварбек ЗУҲРИДДИНОВ олган сурат.