Андижонда

Тиббиётда Андижон бренди яратилади


17.05.2025   499

Вилоятимиз ҳар жабҳада ўз имкониятларидан келиб чиқиб тобора олға интилмоқда. Тиббиёт соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Андижоннинг энг чекка қишлоқларида ҳам замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган шифохоналар тобора кўпайиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати кундан кунга ортиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича олиб борган йиғилишида тиббиётда Андижон брендини яратиш бўйича барча имкониятлар борлигини таъкидлаб ўтгани бежиз эмас.

Тиббиёт соҳасида вилоятимизда йилдан йилга ривожланиш, ўсиш кузатилмоқда. Масалан, ўтган йили 650 ўринли клиника Андижон давлат тиббиёт институти балансига ўтказилиб, уни таъмирлаш ва жиҳозлашга 180 миллиард сўм берилди. Бу 11 минг талабага бир вақтнинг ўзида ўқиш ва амалиёт ўташ имконини беради.

Вилоятимизга мамлакатимиз раҳбарининг ташрифи доирасида институтдаги симуляцион марказда тиббиёт ходимлари малакасини 2 босқичда баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, клиника ёнига травматология, педиатрия ва жарроҳлик, гинекология бўлимини қуриб, кластерга айлантириш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Бунга яна 100 миллиард сўм ажратилиши маъқулланди. Симуляцион марказда синовдан ўтган тиббий ходимларга қўшимча 100 фоиз устама берилиши белгиланди.

Ҳозирда 2 минг нафар наманганлик ёшлар Андижонга қатнаб ўқиётганини ҳисобга олиниб, Наманган давлат университетидаги тиббиёт факультети Андижон тиббиёт институти филиалига айлантирилиши режа қилинди. Бу филиал кейинчалик мустақил олийгоҳ даражасига олиб чиқилади, Андижон тиббиёт институтига эса университет мақоми берилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, ташаббускор тадбиркорлар Андижонда замонавий хусусий клиникалар ташкил этиш учун олти ой давомида сотилмаган давлат объектларини тўғридан-тўғри 5 йил муддатга ижарага олишлари мумкин. Кейинчалик бу объектлар уларнинг ўзига хусусийлаштириб берилади.

Бу каби ислоҳотлар Президентимизнинг 7 май кунги тиббиётга доир масалалар юзасидан олиб борган йиғилишидан сўнг янада такомиллашган ҳолда амалга оширилиши кутилмоқда.

Яна бир муҳим ишлардан бирибу - тизимли рақамлаштириришдир. Бу ҳақда ушбу видеоселектрда “Агар бирламчи бўғин, рақамлаштириш ва суғуртани жойига қўйсак, тиббиёт ходимларини билим ва амалий кўникмасини яхшиласак, муҳими, аҳолининг тиббий маданиятини оширсак, шунинг ўзи орқали кўзлаган мақсадларимизга эришамиз”, - деди Президентимиз.

Шу ўринда “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бошланиши эълон қилингани ҳам халқ учун, ҳам тиббиёт ходимлари учун анча қулайлик яратади.

Бунда кутиш жойларида қулай ўриндиқларни кўпайтириб, навбатни тартибга келтириш, “она-бола” хоналарини ташкил қилиш, ногиронлиги борлар эркин ҳаракатланиши учун кириш-чиқиш жойлари, хона ва йўлакларда инклюзив муҳит яратиш, қўл ювишга иссиқ суви бор покиза ҳожатхоналар ташкил этилади. Оддий қилиб айтганда, тиббиёт муассасасига маданият, тартиб-интизом, файз олиб кирилиб, одамларга ижобий кайфият улашилади.

Мутасаддиларга бу ишларни бутун республикада тизимли ташкил қилиш, тўқсон кун натижаси бўйича Президентга батафсил ҳисобот бериш топширилди.

Юқоридаги топшириқлардан келиб чиқиб, 10 май куни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов,Асака туманиҳокими, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва масъуллари, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, бирламчи тиббиёт муассасалари мудирлари, 174 та тиббий бригада ходимлари ва бошқа масъуллар иштирокидайиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда белгиланган топшириқ ва вазифаларни Асака туманида намунали ташкил этиш, бирламчи тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Янгиликлар, яхши янгиликлар кўп. Дунё миқёсидаги тиббиёт ривожи, оддий инсонлар тасаввур қила олмайдиган даражадаги кашфиётлар, тиббиётни сунъий интеллект билан биргаликда олиб бораётган оламшумул ишлари бизнинг юртимизда, Андижонимизда ҳам бўлишини истаймиз. Бунинг учун барча имконтятлардан фойдаланган ҳолда тизим юксалиши учун соҳа вакиллари шижоат билан ҳаракат қилмоқда.

Зероки, Президентимиз айтиб ўтганларидек «Тиббиётда Андижон бренди яратилиши зарур».

Мансурбек СИДДИҚОВ,

РШТЁИМ Андижон филиали кўкрак қафаси жарроҳи