Андижонда

ТИЛ – ҲАР БИР МИЛЛАТ ЎЗЛИГИНИНГ АЖРАЛМАС БЕЛГИСИДИР


21.10.2023   103

Бугун «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 34 йил тўлди.

Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида Президент Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига қўйилди ва 1989 йил 21 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги алоҳида қонуни қабул қилинди.

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Бу йил ҳам турли жамоат муассасаларида, мактабларда, кутубхоналарда, ташкилотларда тегишлича тадбирлар ўтказилмоқда.

Сана муносабати билан Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими бошчилигида барча корхона ва ташкилот вакиллари, шоир ва ёзувчилар, ўқувчи ёшлар ҳамда, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Иштирокчилар дастлаб, Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиб, хурмат бажо келтирдилар.

Тадбир давомида вилоят маданият бошқармаси томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.

Auz.uz online гуруҳи.