Атрофга назар

ТИНЧЛИК-ОСОЙИШТАЛИКНИ ТАЪМИНЛАШГА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ


25.08.2023   286

Андижон вилояти ИИБ бошлиғи А.Т. РАҲМАТУЛЛАЕВнинг

криминоген ҳолат бўйича вилоят аҳолисига

МУРОЖААТИ

Сўнгги йилларда республикамизда шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадига қаратилган ислоҳотлар кенг қулоч ёймоқда. Мақсад эса ягона - жаҳон миқёсида Ўзбекистон ўз ўрни ва овозига эга бўлиши, бунинг учун давлатимиз тараққий топган мамлакатлар қаторидан жой олиб, халқимиз турмуш шароитини тубдан ўзгартириш. Бу борадаги кенг қамровли ислоҳотларда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ички ишлар органларини халқчил давлат идорасига айлантириш ҳамда ҳар бир ходим томонидан ўз хизмат фаолиятини халқ манфаатлари йўлида сафарбар этилишини таъминлаш учун тизимда изчил ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Бунда табиийки, тинчликни таъминлаш, халқни рози қилиш ва маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш кундалик фаолиятимизга айланмоғи зарур ва зиммамизда турган муҳим вазифаларимиздан биридир.

Шу ўринда айтиш жоизки, жорий йилнинг 7 ойида вилоят ҳудудида 4 401 та жиноят қайд этилди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида уларнинг қотиллик, босқинчилик, товламачилик, безорилик ва транспорт воситасини олиб қочиш каби жиноят турларининг камайишига эришилди. Бунда аҳолининг ишсиз қатлами билан ишлаш, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг камайишига эътиборни қаратиш борасидаги профилактик тадбирларнинг аҳамияти катта бўлди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 28 июль куни Фарғона вилоятида ўтказилган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат йиғилишида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ички ишлар органлари фаолиятига танқидий баҳо бериб, билдирилган эътирозлари ва белгилаб берилган вазифаларидан келиб чиқиб, республикамизда ўзига хос тажриба асосида олиб борилаётган ва ижобий самара бераётган тамойиллардан бири бўлмиш "Маҳаллабай" тизими асосида иш ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунга қадар ҳам вилоятдаги мавжуд маҳаллаларнинг 52,7 фоизида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Бироқ, бу борада қарс икки қўлдан чиқишини унутмаслик керак. Масъул идоралар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда фуқароларнинг жамоатчиликдаги иштироки ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жойларда бу каби ҳамкорликнинг етарли даражада ташкил этилмаганлиги боис маҳалла ҳудудида 1 021 та олди олиниши лозим бўлган жиноятлар содир этилган.

Афсуски, айрим ҳолларда оила-турмуш муносабатларидаги низолар оқибатида аёлларимиз жиноят қурбонига айланиб қолмоқдалар. Агарда биз оиладаги низоларни маҳалла фаоллари билан вақтида аниқлаб, бефарқ бўлмасдан, низолашаётганларни яраштириш чораларини ўз вақтида кўрганимизда, уларнинг муаммоларига ечим топганимизда эди оила-турмуш доирасидаги жиноятларнинг олдини олган бўлар эдик. Бироқ, йўл қўйилган айрим хатоликлар туфайли 7 ойда содир этилган 16 та қотиллик жиноятларининг 8 таси оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида содир этилган, бунинг 6 таси эр-хотинлар, 2 таси қариндош-уруғлар ўртасидаги жанжаллар сабаб бўлган.

Маҳалла вакиллари оғир ижтимоий аҳволда қолган, оилавий муаммолар ва турмушида зўравонлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизларга эътибор бермасдан, муаммоларга ижобий ечим топиш чоралари кўрмаганлиги оқибатида оила-турмуш ва низолар ортидан қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш ва бошқа оғир турдаги жиноятлар содир этилган ёки аксинча аёлларимиз мазкур жиноят қурбонига айланиб қолмоқда. Бу ҳолатларга ўз вақтида муносабат билдириб, барчамиз "бир ёқадан бош чиқариб", салбий оқибатини ўйлаб, ҳамкорликда амалий ишларни ташкил қилсак, албатта бу йўналишда ижобий натижага эришамиз, деб ўйлайман.

Жиноятчиликнинг олдини олишда вояга етмаганлар билан ишлашнинг аҳамияти жуда катта. Шу боис вилоятдаги умумий ўрта-таълим мактабларида 183 нафар вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимлари жорий этилиб, улар томонидан ҳар бир ўқувчи кесимида махсус профилактик тадбирлар ўтказилди. Таълим муассасаларида «Тиғ» махсус тадбирлари доирасида 13 785 та рейд амалга оширилиб, ўқувчилардан инсон ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган 82 та буюм аниқланди. Вояга етмаганлар ва уларнинг тарбиясига масъул шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли ёт ғоя ҳамда таъсирлардан эхтиётлаб сақлаш, шу жумладан, уларни гиёҳвандлик офатидан асраш ҳозирги замоннинг энг долзарб масаласи экани ҳаммамизга маълум.

Халқимизда: “Бир болага етти махалла ота-онадир ”деган нақл бор. Афсуски, бугун аксарият юртдошларимиз бу нақлга амал қилмаётирлар. Бу эса айрим ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига етарли эътибор бермаётганлигига, ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорлик ўрнатмаётганига сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида вояга етмаганлар томонидан 131 та жиноят содир этилган. 145 нафар жиноят содир этган вояга етмаганларнинг 106 нафари эса, минг афсуски, мактаб ўқувчиларидир. Шуни айтиш лозимки, аксарият ўқувчилар ота-она назоратидан четда қолмоқда. Шу боис кўплаб фарзандлар уйдан "Мактабга кетдим" деб чиқиб кетади-ю, лекин мактабга бормай, фойдасиз машғулотларга чалғимоқдалар. Аксарият ҳолларда бу уларнинг жиноят содир этиш йўлига кириб қолишига сабаб бўлмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам фарзандга таълим-тарбия бериш оиладан бошланади. Агар биз фарзанд камолоти йўлида маҳаллада ҳар томонлама обрў-эътиборга эга бўлган вакилларимизнинг беминат насиҳатларидан фойдалансак, вояга етмаганлар орасида жиноят содир этилишининг олдини олишга ҳамда уларни ватанни севувчи, ардоқловчи ва комил инсон бўлиб етишишига эришамиз.

Жорий йил 7 ойида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 1 301 тани ташкил қилиб, 63,6 фоизга ортган. Профилактик чора-тадбирларимизга қарамасдан, бу йўналишимизда жамоатчилик вакиллари билан олиб бораётган ишларимиз хали етарли даражада эмас, шу боис ҳаммамиз биргаликда ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан зарурий чора-тадбирлар кўришимиз керак бўлади.

Жиноятга қарши курашишдан кўра унинг олдини олиш афзал, албатта. Шу боис вилоятимизда масъуллар томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, йўл хатардан холи эмас. Бу борада айнан ҳайдовчи ёки йўл ҳаракати иштирокчисини айблаш нотўғридир. Бироқ, тахлиллар шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларимиз томонидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликлари, белгиланмаган жойлардан йўлларни кесиб ўтаётганликлари, ҳайдовчиларни йўл қоидаларини қўпол равишда бузиб ҳаракатланишлари каби ҳолатлар ҳам кўп қайд этилмоқда. Бунинг оқибатида вилоятимизда 7 ой давомида 376 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилди, уларнинг 79 та инсон ўлими билан якунланган. Содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари вилоятнинг умумий жиноятчилигини 8,5 фоизини ташкил этмоқда. Автоҳалокатлар оқибатида 89 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган, 321 нафаритурли даражада тан жароҳатлари олган.

Ота-оналарнинг фарзандларига пиёдалар учун ажратилган йўлакларда юриши, йўлларни белгиланмаган жойларидан кесиб ўтмаслигини тушунтириб бормаганликлари, мактабларга ёлғиз ўзларини юбориб, уларга ҳамроҳлик қилмаганликлари оқибатидаги йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 17 нафар бола вафот этган.

Тегишли тадбирлар ўтказилишига қарамасдан, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида жабрланганларда ва фуқароларимизда: “Ушбу ҳодисаларнинг олдини олса бўлар эдими?” деган ҳақли савол туғилиши табиий ҳол.

Хақиқатда, ваколатли ҳуқуқ тартибот органлари, жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида йўл-ҳаракати қоидаларига риоя қилиниши борасида етарли даражада тушунтириш ишлари олиб борилганида, ҳайдовчилар томонидан йўл қоидаларига риоя қилинганида содир этилган авариялар сони кескин камайган бўлар эди.

Келинглар, барчамиз бир бўлиб, энг аввало йўл ҳаракати қатнашчилари бўлган ҳайдовчи, пиёда ва йўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини, айниқса "йўл маданияти"га риоя қилишларини таъминлаш борасида зарурий чора-тадбирларни амалга оширайлик, бу йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтирайлик, бепарво бўлмайлик.Шундагина йўлларимизда содир этилаётган мудҳиш аварияларнинг олдини олган бўламиз.

Ҳурматли юртдошлар!

Бугун ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар халқимизнинг мушкулини осон қилишга, турмуш даражасини яхшилашга, тинчлигини таъминлашга хизмат қилади. Маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, вояга етмаганлар, аёллар, ёшларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этишда барча фуқароларнинг ҳамкорлиги муҳим эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман.

Маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликни жиловлашда барчамиз бир бўлиб ҳаракат қилсак, албатта кўзланган мақсадимизга етишамиз, деб ўйлайман.