Тинчлик ва фаровонлик қўрғони
15.05.2025 723
Маҳалла институти – юртимиздаги энг қадимий ва ўзига хос фуқаролик жамияти институтларидан бири. У халқни бирлаштириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.
Ҳозирги кунга келиб маҳалла фаолияти асосан 2 та қонун ва 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Конституциянинг 127-моддасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқаролар манфаатлари, миллий қадриятлар, маҳаллий урф-одат ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этиши белгиланган.
Қолаверса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 74-мақсадида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантириш каби вазифалар ўз ифодасини топган.
Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида маҳаллаларнинг ваколатлари кенгайтирилиб, уларнинг молиявий мустақиллиги кучайтирилди, маҳалладаги ишларнинг ҳолати вазирлик, идора ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолашнинг бош мезони сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, барча даражадаги раҳбарлар маҳалла орқали ўз йўналиши бўйича муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиши тартиби жорий этилди. Аҳолининг маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш ва уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилиш тизими яратилди.
Бир сўз билан айтганда, “Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди. “Маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла”, “маҳалла раиси – бош ислоҳотчи” тамойиллари, “маҳаллабай”, “хонадонбай” тизими асосида иш олиб борилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила, хотин-қизлар ва ёшларга ёрдам кўрсатилмоқда.
Биргина 2024 йилнинг ўзида вилоятимизда “Аёллар дафтари”га киритилган 30 минг 167 нафар хотин-қизга ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, маҳалла ва қишлоқ инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари асосида оғир турмушда яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига манзилли кўмак берилмоқда.
Жорий йилнинг май-июль ойларида муҳим ижтимоий-демократик жараён – фуқаролар йиғини сайловини ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган. “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, МФЙ раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди.
Маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар қошида штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Сайлов ўтказиладиган кун, вақт, жой ва иштирокчилар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг mahallas.uz расмий веб-сайтида мунтазам жойлаштириб борилмоқда.
Ҳозирда вилоятдаги жами 909 та МФЙда фуқаролар йиғини сайловлари ташкилий жиҳатдан уюшқоқлик билан кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда. Шу кунга қадар (17 май ҳолатига) 310 та МФЙда сайловлар ўтказилиб, уларда 60 минг нафардан зиёд вакиллар иштирок этди.
Эндиликда раисликка муносиб номзодларни танлаш борасида масъулиятли бўлиш, янги сайланган фуқаролар йиғини раислари орасида муддатидан олдин ўз ваколатларини топшириш ҳолатларига йўл қўймаслик ва барча фуқаролар ушбу жараёнга ўзини дахлдор деб билиши талаб этилади.
Адхамжон УЗОҚЖОНОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси
