Атрофга назар

ТОЖИКИСТОНДА НОЁБ ҚЎЛЁЗМА ТОПИЛДИ. У АМИР ТЕМУР ҲАЁТИ ҲАҚИДА


10.10.2022   186

Тожикистонда Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўзбек тилида битилган эски қўлёзма аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоси Бадриддин Мақсудов маълум қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Бадриддин Мақсудовнинг айтишича, китоб Амир Темур ҳақида ёзилган ва шу пайтга қадар етиб келган туркий қўлёзмаларнинг ҳозирча энг қадимийси бўлиши мумкин.

Китобнинг хотимасида қўлёзма ҳижрий 1027 йил ражаб ойида битилгани қайд этилган. Бу милодий 1618 йилнинг июнь-июль ойларига тўғри келади.

Китоб кимнинг қаламига мансуб экани, ким томонидан, қаерда кўчирилгани ҳозирча маълум эмас.

Маълумот ўрнида, айни пайтга қадар Амир Темур ҳақида битилган туркий асарларнинг энг қадимийси 1713 йилда яратилган, деб келинади.