Тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган талаба даромад солиғи бўйича имтиёзга эгами?
04.09.2024 706
Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига асосан, солиқ тўловчиларнинг Ўзбекистон Республикасининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўзининг ёки фарзандининг, шунингдек 26 ёшга тўлмаган турмуш ўртоғининг таълим олиши учун йўналтирилган (тўланган) иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси солиққа тортилмайдиган даромадлар сирасига киради.
Мазкур имтиёз ўқиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларини (фоизлари билан) қоплашга нисбатан ҳам қўлланилади.
Солиқ тўловчи жисмоний шахслар мазкур имтиёздан қуйида келтирилган икки ҳил усулда фойдаланишлари мумкин:
Биринчиси, жисмоний шахс меҳнат қилаётган ташкилот раҳбарига ариза билан мурожаат қилиб, даромадларининг бир қисмини ушлаб, профессионал ёки олий таълим муассаси ҳисобига ўтказиб берилишини сўрайди. Ташкилот
бухгалтерия бўлими ходимнинг аризаси асосида ушлаб қолинган суммани тўғридан-тўғри таълим муассасасининг ҳисоб рақамига ўтказиб беради ва ушбу суммани ходимнинг солиқ солинмайдиган даромадларига таркибига олиб боради ва солиқ ушланмайди.
Иккинчиси, агарда профессионал ёки олий таълим муассасасига тўловлар бевосита ходим томонидан амалга оширилган бўлса (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган иш ҳақи ва бошқа даромадлар ҳисобидан), солиқ тўловчи солиқ имтиёзидан йил якунлари бўйича кейинги йилнинг 1-апрелидан кечиктирмай тақдим этиладиган декларация асосида солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Декларация солиқ тўловчининг яшаш жойидаги солиқ идорасига бевосита ташриф қилиш орқали ёзма равишда ёки my.gov.uz портали орқали электрон кўринишда тақдим этилиши мумкин. Тақдим этилган декларация асосида ҳисоблаб чиқилган имтиёз суммаси солиқ тўловчининг ҳисоб рақамига (пластик картасига) ўтказиб берилади.
Мурожаатлар 15 иш кунида кўриб чиқилади.
Ҳусниддин Ҳожакборов,
Андижон вилояти солиқ бошқармаси бош инспектори