Атрофга назар

Тупроқ билан тиллашиш илми


12.03.2026   54

Юртимизда аёл-қизларга улкан эҳтиром кўрсатилаётганига ҳар жабҳада гувоҳ бўлиб турибмиз. Уларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида яратилаётган имконият ва афзалликлар ҳам кун сайин кенгайиб бормоқда. Бу янгиланишларни илмий изланишларим давомида яққол кўраман.

2002 йилда Андижон қишлоқ хўжалик институтининг магистратура босқичини тамомлаб, шу муассасанинг“Деҳқончилик ва агрокимё” кафедрасида ассистент лавозимида иш бошладим. Катта ўқитувчиси, доцент лавозимларида меҳнат қилдим.

Ўсимликлар билан тиллашиш, тупроқ илмини ўзлаштиришни мақсад қилиб, тадқиқотлар олиб бордим.2010 йилда Ўзбекистон Пахтачилик илмий тадқиқот институти ҳузуридаги Ихтисослашган кенгашда умумий деҳқончилик ихтисослиги бўйича фан номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилдим.

Мамлакатимиз раҳбарининг қизларни ўқитиш, илмли қилиш борасидаги илғор ташаббуслари ҳаётда ўз самарасини бераётгани қувонарли. Бугун институтимизнинг кўплаб қизлари илмий анжуманларда мақолалари, тадқиқотлари билан мунтазам қатнашиб турибди. Ёшларнинг малакавий битирув ишларига, ўндан зиёд магистрлик ва докторлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилиш давомида уларнинг илм йўлини танлаб адашишмаганига амин бўламан.

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида талабалар билан биргаликда вилоятимиз иқлим шароитида қишлоқ хўжалик экинлари диверсификацияси ҳамда уларни алмашлаб экиш тизимларини ишлаб чиқиш устида кўп изланишлар олиб борамиз.

Шунингдек,соя ўсимлигининг оқсил миқдори, мойлилик даражаси юқори навларни асосий ва такрорий экин сифатида танлаш ҳамда уларни етиштириш агротехнологияси элементларини ишлаб чиқиш юзасидан тадқиқот лойиҳасини бажардик.

Илм шундай уммонки, янги-янги марраларни кўзлагинг келаверади. Ҳозирда докторлик диссертацияси бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб боряпман.

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан давлат мукофотини олганлар сафида “Дўстлик” ордени билан тақдирланганим менга юксак ишонч билан бирга, катта масъулият юклайди.Бу эса мени юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида янада фаол бўлишга ундайди.

Гулчеҳрахон ЎРУНБАЕВА,

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини

кафедраси профессори.