Атрофга назар

ТУРКИЯЛИК ШИФОКОРЛАРНИНГ АЙТИШИЧА ЭНГ ФОЙДАЛИ МАҲСУЛОТ БУ...


18.04.2022   277

Кўклам фаслида бозорлар, савдо нуқталари, марказий йўллар бўйида ровоч (маҳаллий шевада чукри деб ҳам аташади) савдоси авжига чиқишига кўп гувоҳ бўлганмиз. Кўпчилик ушбу ўсимликдан керакли даражада истеъмол қилишга улгурди. Хўш, бу ўсимликнинг организмга қандай таъсири бор?

У Ўзбекистоннинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ҳамда қир-адирларда ёввойи ҳолда ўсади. Ўсимликнинг ёш, қалин, серсув барглари хушхўр ва иштаҳаочар десерт сифатида истеъмол қилинади. Баргларининг мазаси нордон бўлиб, иштаҳани очиш хусусиятига эга. Шунингдек, парҳез маҳсулот ҳисобланади. Жигар, қалқонсимон без ва мияга ҳам ижобий таъсир қилади. Меъда-ичак фаолияти ва ҳазм жараёнини яхшилашда самарали натижа беради. Ундан сафро ҳайдовчи восита сифатида ҳам фойдаланишади.

Туркиялик кардиолог Жанан Каратай ровоч ўсимлигини дунёдаги энг фойдали маҳсулот дея атаган. Шифокорнинг сўзларига кўра, у шакар миқдори ва қон босимини меъёрлаштиришга кўмаклашади ҳамда Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилади.

"Ровочни тухум билан пиширинг, шунда дунёдаги энг соғлом ва фойдали таомга эга бўласиз. Бундан ташқари, ўсимлик антиоксидант, витаминларга бой. Жумладан С витаминига ҳам", - дейди шифокор.

Маълумотларга кўра, ровоч меъда-ичак фаолияти бузилишида жуда фойдали ҳисобланади. Магний, калий, фосфор каби моддалар таркибида жуда кўп миқдорда учрайди. Бу эса камқонликнинг олдини олишда кони фойда ҳисобланади. А витаминлари, В, С, Е К гуруҳи витаминлари кўп бўлиб у ошқозон-ичак тракти фаолиятини яхшилайди ва терини қайта тиклайди.

Шунингдек, ўсимлик авитаминозни даволашда умумий қувват берувчи доривор восита саналаркан.

Гапнинг индаллосини айтганда, ровоч еганлар дармон топиб улгуришди.Тотиб кўрмаганлар эса армонда қолмаслик учун шошилишлари зарур. Ҳадемай, бу йилги "ровоч сайли" поёнига етади. Аммо, ҳар не бўлганда ҳам меъёрни унутмаган маъқул.

М. МуҳаммадҚулов

тайёрлади.