ТУЙҒУЛАРИ УЛҒАЙГАН ШОИР
19.04.2022 810
Андижонда бўлиб ўтаётган китоб ҳафталиги доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ахборот-кутубхона марказида шоир Баҳодир Андижонийнинг 70 йиллиги муносабати билан “Туйғулари улғайган шоир” номли адабий кеча бўлиб ўтди. Маънавият машваратини ахборот-кутубхона маркази директори Гулнорахон Исмоилова кириш сўзи билан очди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи, ғазалнавис шоир Нусрат Абдусалом, Андижон давлат университети доценти Маъмуржон Саидхонов, ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ ва бошқалар Баҳодир Андижонийнинг ижодий ва инсоний жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтдилар. Кейинги йилларда шоир томонидан яратилган “Аллома”, “Саодат довони”, “Туйғулар чашмаси”, ўзбек ва қирғиз тилларидаги “Заршода (“Зерседеп”)” кабилар адабиётимизда ўз ўрнига эгалиги билан аҳамиятлилиги, шоир доимо изланишда эканлиги таъкидланди. Вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари ва Ички ишлар вазирлиги академик лицейи талабаларининг қўшиқлари кечага файз киритди.


Тадбир давомида, шунингдек, вилоят ижодкорлари Фарид Усмон, Музаффар Жаъфар ва бошқаларнинг янги китоблари ҳақида ҳам мулоҳазалар билдириб ўтилди.
Икромжон АСЛИЙ,шоир.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.
