Андижонда

УЧАСТКА КОМИССИЯЛАРИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ


05.04.2023   185

Яна 24 кундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум бўлиб ўтади. 2-Андижон округ комиссияси раиси Комилжон Комилов билан суҳбатимиз сиёсий жараёнга тайёргарлик ишлари хусусида бўлди.

- Мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши барчанинг фаоллигига, референдум куни овоз берувчиларнинг қабул қиладиган қарорига боғлиқ. Чунки мамлакатнинг Бош Қонуни – Конституция истиқболдаги стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада округда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Референдумга юксак ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник даражада тайёргарлик кўриш, уни демократик принципларга мувофиқ очиқ-ошкора, адолатли ўтказиш муҳим, - дейди комиссия раиси К. Комилов. - Жараён аҳолининг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Албатта, янгиланишлар, одамлар дунёқарашидаги ўзгаришлар бизга катта масъулият юклайди.

Округ ҳудудида 928 та референдум участкаси ташкил этилди. Уларнинг тартиб рақамлари, чегаралариҳақидаги маълумотлар вилоятдаги босма оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Участкалар аҳоли учун қулай бўлган шинам биноларда жойлашган.

4 апрель куни вилоятдаги Халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашларининг навбатдаги сессиялари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи участка комиссиялари аъзолигига номзодларни тавсия этиш масаласи кўриб чиқилди ва oкруг кoмиссиясигa тaқдим этилди.

Округ комиссиясининг навбатдаги мажлисида номзодлар ўрганилиб, якуний қарор қабул қилинди. Унга кўра, жами 10 минг 184 нафар комиссия раиси, ўринбосари, котиби ва аъзолари фаолият бошлайди. Участка комиссиялари аъзолари сиёсий етук, хорижий тилларни биладиган, юксак муомала маданиятига эга, муайян соҳада сидқидилдан ишлаётган фуқаролар сафидан танланди.

Биргина Шаҳрихон тумани мисолида келтирсак, ҳудудда 77 та референдум участкаси ташкил этилган. Улардаги 847 нафар аъзонинг 691 нафари аввалги сиёсий жараёнларда иштирок этган.Аёллар 432 нафарни ташкил этади, уларнинг 24 нафари комиссия раиси. Аъзоларнинг аксарияти аҳоли, орасида катта обрўга эга бўлган, овоз беришда ҳар бир фуқаронинг иштироки муҳимлигини тушунтира оладиган таълим тизими ходимларидир.

Округ комиссияси аъзолари участкаларда бўлиб, тайёргарлик жараёнларини ўрганишмоқда, зарур маслаҳатларини беришмоқда. Мамлакат тараққиётидаги муҳим санага жиддий тайёргарлик кўриш шартлиги алоҳида уқтириляпти.

Аминмизки, Янгиланаётган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Гулжаҳон Жабборова,

2-Андижон округ комиссияси Матбуот маркази аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, округ фаолияти, жараён билан боғлиқ хабарлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, брифинглар, давра суҳбатлари, округ комиссияси Матбуот марказининг телеграм канали ҳамда auz.uz, аndijonnoma.uz сайтида мунтазам равишда бериб борилмоқда.