“Уддабурон” қонун олдида жавоб берди

31.07.2025 121
Шерзодбек Бобоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўттизни қоралаб қўйди. Оилали, икки фарзанднинг отаси. Икки йилдан буён масъулияти чекланган жамият раҳбари бўлиб ишлайди.
Шайтон йўлдан урмасин экан. Нима бўлдию, қўлига мўмай даромад кела бошлагач, хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахси бўлгани ҳолда, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлашга ўтди. Ноқонуний йўллар билан даромад орттиришни ўз олдига мақсад қилди. У бу ишни бир ўзи амалга ошира олмаслигини онгли равишда билгани ҳолда, жамиятнинг норасмий раҳбари Эркин Шодиев билан олдиндан жиноий тил бириктирди. Натижада икки “уддабурон” 2023-2024 йиллар якуни бўйича жами 241.507.915 сўм бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни қасддан яшириб, бўйин товлаган.
Бундан ташқари, Шерзодбек жиноий шеригининг бевосита кўмагида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрь кунги “Фискал хотирага эга бўлган назорат касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 306-сонли қарорлари талабларига зид равишда 2023 йил давомида жамиятнинг турғун савдо шаҳобчаси ва фискал модулли онлайн назорат касса машинаси бўлмаса-да, 1.013.793.400 сўмлик турли товар маҳсулотларни нақд пулга сотиб, пул маблағларини назорат касса машинасига кирим қилмаган. Бунинг устига пулларни жамиятга хизмат кўрсатувчи банк муассасасига топширмасдан, жуда кўп миқдордаги савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузилишига сабабчи бўлган.
Шу билан бирга икки оғайни 2023-2024 йиллар учун солиқ ва бошқа мажбурий тўловларидан жами 770.799.800 сўм қарздорликни бартараф этиш чораларини кўрмасдан, боқиманда қарздорликни вужудга келишига сабабчи бўлиб, давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Сўроқ-саволлар, суриштирувлар давомида Шерзодбек Бобоев турли важларни келтириб, пушаймонлигини билдирди. Аммо ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар.
Суд, судланувчи Ш.Бобоевга жазо тайинлашда, оилали бўлиб, қарамоғида 2 нафар фарзанди борлигини, муқаддам судланмаганини, жиноят оқибатида етказилган зарарлар тўла қопланганини, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, жазони енгиллаштирувчи барча ҳолатларни эътиборга олиб, ҳукм чиқарди. Яъни судланувчига1 йил 7 ой 9 кунга ишлаш ёки ўқиш вақтидан, шунингдек иш ёки ўқиш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқишни чеклаш тарзидаги озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жасур САЙИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида
назорат бошқармаси прокурорлари.