УКРАИНАДАН ҚАЙТГАН ТАЛАБАЛАР учун қулайлик
16.03.2022 445
Давлатимиз раҳбари берган топшириққа биноан Украинадан қайтиб ўқишини Ўзбекистонда давом эттириш истаги бўлган талабаларнинг ҳужжатлари шу йил 15 мартдан бошлаб соддалаштирилган тартибда ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан қабул қилинмоқда.
Бу ҳақида Андижон давлат университети ректорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Рустамжон Муллажонов шундай маълумот берди:
- Республика Ташқи ишлар вазирлиги томонидан шакллантирилган рўйхатга асосан Украина давлатида ўзбекистонлик 538 талабанинг таҳсил олиши қайд этилган. Уларнинг 38 нафари андижонликлар.
Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғига биноан Украинадан республикадаги олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш ҳақидаги аризаларни қабул қилиш бўйича 13 та ҳудудий ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Вилоятимиздаги ҳудудий ишчи гуруҳи комиссияси Андижон давлат университетининг бош биносида фаолият кўрсатмоқда. АДУ ректори Акрамжон Йўлдошев раислик қилаётган комиссияга масъулият ва малакага эга бўлган ходимлар жалб қилинди. Иш вақти душанба-жума кунлари соат 9.00-17.00 гача, шанба куни соат 9.00 дан 15.00 гача.
- Соддалаштирилган тартиб деганда нимани тушунамиз?
- Ариза билан мурожаат этган талабадан имтиҳон ёки суҳбат олинмайди. Улардан ўқиши бўйича ҳужжатлар талаб қилинмаяпти. Қўлида бор ҳужжат орқали расмийлаштиряпмиз. Агар фуқаролик паспорти ҳам у ёқда қолиб кетган тақдирда, Ташқи ишлар вазирлиги берган рўйхатда қайд этган бўлса кифоя. Бу Украинадан қайтган талабалар учун қулайлик ва енгиллаштирилган тартиб.
Комиссия ташкил этилганидан буён 6 та ариза келиб тушди. Ҳозир ҳам мурожаатчилар келишмоқда.
Гулжаҳон ЖАББОРОВА.
