Ўқувчиларимиз халқаро танлов ғолиби

16.09.2025 55
Озарбайжон Республикаси, Боку шаҳрида АРТНОВА - Халқаро ижодий ташкилоти томонидан “Ижод парвози” I Халқаро ёш ижодкорлар танлови бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаларидан 50 дан зиёд саралаб олинган истеъдодли ёшлар ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Андижон шаҳридаги 1-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳам мазкур танловда муваффақиятли иштирок этиб, вилоятимиз ва юрт шаънини муносиб ҳимоя қилдилар.
Ёш истеъдодларни аниқлаш, уларни ривожлантириш, халқаро ғоя ва тажрибалар алмашинуви, миллий ва замонавий санъат турларини кенг ёйиш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этиш мақсадларини ўзида жамлаган танлов икки қардош халқлар ёшларини етук санъат устаси этиб тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
Халқаро танловда ғолиблар сафидан ўрин олиш, фахрли 2-ўринга сазовор бўлиш ўқувчиларимиз учун катта шараф, албатта. Биз ёшларимиз ўз устида ишлашлари, иқтидорларини янада ривожлантиришлари учун барча имкониятларни тақдим этамиз. Ва ҳамиша юрт байроғини дунё узра баланд кўтарамиз.
Наргизахон НИШОНОВА,
мактаб директори